«Қурилмаларни қийновчи» влогер: «2021 йилнинг энг мустаҳкам геймерофони шу экан!» (видео)

  •   DiMaX
  •  608
  •  22.06.2021 13:30

«Қурилмаларни қийновчи» влогер: «2021 йилнинг энг мустаҳкам геймерофони шу экан!» (видео)

Турли смартфонларнинг мустаҳкамлигини аёвсиз синаб кўриб, видеоларини JerryRigEverything номли YouTube-каналида улашувчи Зак Нильсон (ёки Нельсон) номи сизга таниш. «Қурилмаларни қийновчи» ушбу видеоблогер аввалроқ 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфонлари рейтингини эълон қилган эди. Яқинда эса...

ЎҚИНГ: Машҳур «устабузармон» 2021 йилнинг синмайдиган ва букилмайдиган ягона ўйин смартфонини эълон қилди (+видео)

Жорий йилда тақдим этилган, йнан ўйинларга мосланган зўр смартфонлар унчалик кўп эмас. ASUS компанияси март ойида ROG Phone бренди остида учта русумда – ROG Phone 5, ROG Phone 5 Pro ҳамда ROG Phone 5 Ultimate ўйин смартфонларини намойиш қилган эди. Lenovo компанияси геймерларга мўлжалланган иккинчи авлод смартфони – Legion 2 Pro моделини чиқарган. Шунингдек, Xiaomi корпорациясининг ўйин қурилмаларига ихтисослашган бренди тақдим этган флагманлар – Black Shark 4 ҳамда Black Shark 4 Pro телефонлари бор.

Булардан ташқари, мартнинг бошида ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси Red Magic бренди остида бир нечта жиҳатдан рекордчи Red Magic 6 ҳамда Red Magic 6 Pro геймерофонлари чиқарган эди. Таниқли техноблогер Зак Нильсон энди шулардан биринчисининг мустаҳкамлигини ҳам синаб кўрди:

Влогер олтинчи авлод «Қирмизи жоду» геймерофонида ўта сифатли материаллар ишлатилганини эътироф этди. Nubia Red Magic 6 корпуси олд ва орқа тарафларидан тобланган шиша билан ҳимояланган, роми эса алюминийдан ишланган. Уларни тирнаш учун қаттиқ ва ўткир тиғли жисм билан қаттиқроқ ҳаракат қилишга тўғри келади.

Смартфоннинг экраности дактилоскопи ҳатто юзасидаги шиша тирналса ҳам ишлайверган. Ва ниҳоят, мустаҳкамлик тестининг энг муҳим жойига келганда, Зак ҳайратга тушган – бу телефон корпусини синдириш ёки букишга бақувват қўлларининг кучи етмаган!

Шундай қилиб, JerryRigEverything канали муаллифи Nubia Red Magic 6 моделини «2021 йилнинг энг мустаҳкам ўйинбоп смартфони», дея юксак баҳолади.

ЎҚИНГ: 200 долларлик бу «ўлмас» смартфонни бир ойда икки мартагина қувватлаш кифоя! (+видео)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!