Қуввати 19 кунга етувчи Xiaomi Mi Band 6 чиқди – видеоси, нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  1388
  •  01.04.2021 15:57

Қуввати 19 кунга етувчи Xiaomi Mi Band 6 чиқди – видеоси, нарх ва жиҳатлари

Xiaomi компанияси 29 мартдаги мега-тақдимотини Mi 11 Pro смартфони анонси билан бошлаган эди. Бироқ тадбирнинг бош қаҳрамони – Xiaomi Mi 11 Ultra премиум-флагмани DxOMark рейтингида биринчи ўринга чиқиб улгурди. Шунингдек, булардан ташқари яна Mi 11 Lite ҳамда Mi 11 Lite 5G смартфонлари ҳам тақдим қилинди. 30 март куни эса буларнинг баридан зўр гаджет чиқди...

ЎҚИНГ: Mi Mix Fold тақдим этилди: илк Xiaomi букламафони, суюқ линзали камерага эга биринчи смартфон! (+видео)

Мисли кўрилмаган смартфонларидан ташқари, «Хитойча Apple» ушбу маросимнинг илк кунида Xiaomi Mi Band 6 фитнес-трекерини ҳам намойиш қилган. Олдинги авлод – Mi Band 5 смарт-браслетидан у йирик ва аниқ дисплейи, кўплаб датчиклари ҳамда оширилган автономлиги билан фарқланади. Унда GPS ҳам бўлиши айтилган эди, аммо мазкур сенсор йўқ экан.

Шундай қилиб, Xiaomi Mi Band 6 диагоналига 1,56 дюймлик, яъни Mi Band 5 моделидагидан 50 фоизга катта AMOLED-дисплейга эга. Унинг аниқлиги 360х152 пикселга тенг, пикселлар зичлиги эса 326 PPI. Ушбу гаджет экранининг юқори ва пастки қисмларида бўш жой қолмаганлиги билан замонавий қиёфага эга. Унда танлаш учун нақ 130 та турли циферблатлар мавжуд. Трекер корпуси сувдан ҳимояланган – уни таққан ҳолда 50 метргача сув остига шўнғиш мумкин.

Пульсометр ва юрак ритми мониторингидан ташқари, Xiaomi Mi Band 6 қондаги кислород даражасини кузатиб борувчи пульсоксиметри билан ҳам мақтана олади. Компаниянинг таъкидлашича, SpO2 датчиги яна уйқу пайтида нафас олиш сифатини кузатиш қобилиятига ҳам эга.

Mi Band 5 моделида жисмоний машқларнинг 15 та режими мавжуд бўлса, олтинчи авлод билагузукда яна олтитасини қўшишган. Улар қаторида хона ичида ва кўчада югуриш ҳамда велосипед ҳайдаш, эллиптик тренажёр кабилар мавжуд бўлиб, эгаси қайси фитнес тури билан шуғулланаётганини смарт-браслет автоматик тарзда аниқлаб олади.

Ушбу девайс одатий режимда аккумуляторининг битта тўла қуввати билан 14 кун ишлай олади. Қувватни тежаш режимида эса унинг автономлиги 19 кунгача боради. Фитнес-браслет магнитли зарядлаш тизими орқали қувватланади.

Xiaomi Mi Band 6 икки хил – NFC чипи билан ҳамда ушбу модулсиз версияларда ишлаб чиқарилмоқда. Хитойда булардан биринчиси 43 долларга, иккинчиси эса 35 долларга тенг нархда сотилади. Компания янги фитнес-трекерини нақ саккиз хил –  оқ, жигарранг, қора, кўк, зарғалдоқ, сариқ, яшил ва кумуш рангли вариантларда таклиф этади. Мазкур ақлли билагузук глобал бозорга Xiaomi Mi Smart Band 6 номи остида, 45 евролик нарх билан чиқади.

 

ЎҚИНГ: Xiaomi ўз логотипини ўзгартирди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!