Қуввати 2 кунга етувчи Xiaomi Mi Note 10 Lite чиқди: илғор хусусиятлар ва арзон нарх!

  •   DiMaX
  •  17160
  •  01.05.2020 13:11

Қуввати 2 кунга етувчи Xiaomi Mi Note 10 Lite чиқди: илғор хусусиятлар ва арзон нарх!

30 апрель куни бўлиб ўтган онлайн тақдимот тадбирида Xiaomi компанияси Redmi Note 9 смартфонини намойиш этгани ҳақида ёзгандик. Шунингдек, мазкур конференцияда Mi Note 10 Lite модели ҳам расман тақдим этилди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонлари учун MIUI 12 тақдим этилди: янги имкониятларни қарши оламиз! (+5 та видео)

Xiaomi ўтган йилнинг ноябрида 108 мегапикселлик илк смартфон – Mi Note 10 моделини чиқарган эди. Гарчи энг юқори аниқликдаги камера модули борасида Samsung уни боплаган бўлса-да, ушбу қурилма компаниянинг энг мустаҳкам смартфони, дея эътироф этилган.

Куни кеча намойиш этилган Xiaomi Mi Note 10 Lite эса унинг нисбатан арзон версияси бўлиб, иккаласи ўзига яраша умумийлик ва фарқларга эга.

Умумий жиҳатлари

Mi Note 10 фаблетидаги каби, унинг Lite-версиясида ҳам диагоналига 6,47 дюймлик, четлари қайрилма AMOLED-дисплей қўлланган. Томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатли экраннинг тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик. Унинг юзига Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган ва бармоқ изи сканери ҳам дисплейга интеграция қилинган.

Ҳар иккала модел ҳам Snapdragon 730G процессори базасига қурилган ва 5260 мА/соатлик аккумуляторга эга. Xiaomi одатий фойдаланишда унинг тўла қуввати икки кунга етиб ортишини таъкидлаган.

Смартфон 30 ваттлик қувват билан тезкор зарядланади – батареяси 0 дан то 100 фоизгача тўлиши учун 64 дақиқа кифоя.

Xiaomi таъкидлашича, Mi Note 10 Lite батареясининг тўла қуввати сўзлашув режимида 33 соатга, 178 соат мусиқа янгратишга, 14 соат ўйин ўйнашга ва 7 соат видео томоша қилишга етади!

Бундан ташқари, иккала фаблет ҳам NFC чипи ва инфрақизил портга, 3,5 миллиметрлик аудиотирқишга, MIUI 11 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизимига эга.

Фарқлари нимада?

Mi Note 10 Lite моделининг стандарт Mi Note 10 фаблетидан асосий фарқи – камерасида: 108 мегапикселлик датчикни янги қурилмада 64 мегапикселлик Sony IMX686 сенсорига алмаштиришган. Қолган модуллари 8 мегапикселлик кенг бурчакли (120 даражали), 5 мегапикселлик телефото сенсори ҳамда 2 мегапикселлик макрообъектив.

Натижада бош камера дизайни ўзгарган – унинг модулларини тўғри тўртбурчак блокка ўрнатишган.

Экраннинг томчисимон кемтигига жойланган селфи-камера ҳам «камтарроқ» – 16 мегапикселлик датчик, f/2.5 апертурали (стандарт Mi Note 10 моделида эса тегишлича 32 МП ва f/2.0).

Нархига келсак...

Xiaomi Mi Note 10 Lite модели Европа бозорида 349 евродан бошланади, бу – тезкор/ички хотираси 6/64 гигабайтлик вариантдир. Нисбатан катта – 6/128 ГБ хотиралиси учун 399 евро нарх белгиланган. Xiaomi унинг яна 8/128 гигабайтлигини ҳам ваъда қилаётир, аммо нархи номаълум. Таққослаш учун келтириб ўтсак, стандарт Mi Note 10 фаблети сотувга янги чиққанида 6/128 ГБлик варианти учун 550 евро сўрашган эди.

Дарвоқе, компания Xiaomi Mi Note 10 Lite моделининг асосий хусусиятларини ва нархини оммабоп рақиблари – Galaxy Note 10 Lite ҳамда iPhone SE 2020 билан таққослаб кўрсатган:

Xiaomi Mi Note 10 Lite харидорларга оқ (Glacier White), қора (Midnight Black) ва мовий-бинафша ранг (Nebula Purple) корпусларда таклиф этилади.

ЎҚИНГ: 33 хил Xiaomi ва Redmi смартфонларига ҳозироқ MIUI 12 ўрната оласиз! (тайёр ҳаволалар)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!