Қуввати 27 кунга етувчи Nokia 6300 4G сотувга чиқди: WhatsApp, Facebook, YouTube ва Google Assistant ўзида бор!

  •   DiMaX
  •  3005
  •  12.02.2021 16:10

Қуввати 27 кунга етувчи Nokia 6300 4G сотувга чиқди: WhatsApp, Facebook, YouTube ва Google Assistant ўзида бор!

HMD Global компанияси оммабоп телефонлар брендининг иккита афсонавий моделини янгилаб, Nokia 6300 4G ҳамда Nokia 8000 4G номлари остида қайта чиқарган ва биз уларнинг видеоларини эълон қилганмиз. Аввалроқ улар учун олдиндан буюртма очилган эди, энди эса булардан биринчиси очиқ бозорда сотила бошлади.

ЎҚИНГ: Тугмачали телефонлар бозори: Nokia иккинчи ўринда, унда етакчи ким?

HMD Global бош директори ўринбосари Юхо Сарвикас (Juho Sarvikas) ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилишича, Nokia 6300 4G телефони АҚШ ҳудудида 70 доллардан савдога қўйилган. Харидорлар унинг кўмир тусли, кўкимтир-яшил ёки оқ рангли корпусларда харид қилишлари мумкин.

«Файта туғилган» тугмачали телефон 2,4 дюймлик дисплейга ҳамда Snapdragon 210 процессорига эга. Унинг тезкор хотираси 512 мегабайтлик, доимийси эса 4 гигабайтлик ҳажмда; шунингдек, яна 32 гигабайтгача сиғимли microSD-карта жойлаш мумкин.

Nokia 6300 4G орқа панелида VGA-камера бор, унинг LED-чақноғини эса қўлчироқ (фонарик) қилиб ишлатиш мумкин. Телефон KaiOS операцион тизим бошқаруви остида ишлайди, тағин унга WhatsApp, Facebook, YouTube ҳамда Google Assistant ҳам ўрнатилган. АҚШда сотилаётган модел иккита SIM-картани, 4G тармоғини қўллаб-қувватлайди, Wi-Fi узата олади ва GPS модули ҳам бор. Унда FM-радио ва стандарт қулоқчин тирқиши ҳам кўзда тутилган.

Бу телефоннинг аккумулятори 1500 мА/соатлик бўлиб, кутиш режимида унинг қуввати нақ 27 кунга етади.

ЎҚИНГ: Энг антиқа – биттаям клавиши бўлмаган тугмачали телефон 19 доллардан сотиляпти!