Қуввати 9 кунга етувчи, GPS датчикли Mi Watch Lite тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  363
  •  10.12.2020 13:00

Қуввати 9 кунга етувчи, GPS датчикли Mi Watch Lite тақдим этилди

Xiaomi компанияси Mi Watch туркумида бир қатор смарт-соатлар тақдим этган. Ўтган ойнинг охирида эса унинг арзончи бренди NFC чипли, ихчам ва арзон Redmi Watch смартвочини чиқарган.

ЎҚИНГ: Redmi Watch ортидан унинг янада арзон, IP68-ҳимояли ва автономлиги юқори рақиби чиқди!

Redmi брендининг бу илк ақлли соатини компания Xiaomi Mi Watch Lite номи остида глобал бозорга ҳам чиқариши айтилган эди. Бугун – 10 декабрь куни шу номдаги аксессуар намойиш этилди, лекин у Redmi Watch моделидан бироз фарқ қилади.

Xiaomi Mi Watch Lite тақдимоти учун компания алоҳида тадбир уюштириб ўтирмасдан, шунчаки уни ўзининг Mi.com расмий сайтига чиқариб қўяқолди. Гаджетнинг нархи кўрсатилмаган, афтидан, уни турли мамлакатлар бозорига ҳар хил нархларда етказиб бермоқчи.

Ақлли соатнинг экрани диагоналига 1,4 дюйм келади, резолюцияси эса 230х230 пикселлик. Унда циферблатнинг 20 хил варианти таклиф этилади. Mi Watch Lite томир уришини узлуксиз мониторинг қилиб бориш тизимига ҳамда уйқу мониторинги функциясига, шунингдек, жисмоний машғулотларнинг 11 хил режимига эга. Ҳозирда энг долзарбларидан бўлиб турган нафас машқлари учун унга алоҳида илова жорий этилгани эътиборга лойиқ.

Девайснинг хусусиятларида NFC модули ҳақида ҳеч гап йўқ, лекин унга GPS/ГЛОНАСС датчиги ўрнатилган.

Xiaomi Mi Watch Lite корпусининг ўлчамлари 41х35х10,9 миллиметр келади, вазни эса 21 грамм (тасмачаси билан – 35 грамм) чиқади. Уни сувдан ҳимоя (5ATM) қилишган: соатни ечмасдан чўмилиш мумкин, лекин чуқур шўнғиш тавсия этилмайди.

Смарт-соатни ток сиғими 230 мА/соатлик батарея билан таъминлашган, унинг автономлиги 9 суткага боради, дейишмоқда.

Mi Watch Lite сотувга қачон чиқиши ҳам маълум қилинмаган; бу борада ҳам турли мамлакатлар учун алоҳида графикка амал қилишса керак.

ЎҚИНГ: Хитойликлар ўз-ўзини қувватловчи илк смарт-соатни тайёрлашди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!