Қуввати бир ҳафтага етадиган смартфон чиқяпти! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1691
  •  10.05.2017 11:07

Қуввати бир ҳафтага етадиган смартфон чиқяпти! (+видео)

Oukitel компанияси бир ойда бир неча мартагина қувватлаш талаб этадиган Oukitel K10000 Pro смартфонини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Унинг асосий ўзига хослиги – 10000 мА/соат сиғимга эга бўлган аккумулятори ҳисобланади. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бундай батарея билан қурилмани ўртача ишлатишда бир ҳафтагача қувватлаш талаб этилмайдиган бўлади. Унинг тўлдирилишига эса уч соат вақт кетиши маълум қилинган.

Табиийки, бу қадар сиғимдор аккумулятордан фойдаланиш смартфоннинг ташқи кўринишига, аниқроғи – ўлчамларига ва вазнига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Унинг габарити ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ, аммо хабарларда унинг вазни 292,3 грамм бўлиши айтилмоқда.

Oukitel K10000 Pro моделида 1920х1080 пикселли, диагонали 5,5 дюймли дисплей бўлади. Унинг 8 ядроли MediaTek процессори эса 1,5 ГГц частотада ишлайди. Смартфоннинг тезкор хотираси 3 ГБ, доимий хотираси эса 32 ГБ ҳажмга тенг.

Гаджетнинг асосий ва олд камераларининг хусусиятлари ҳақида маълумотлар ҳозирча йўқ. Шунингдек, операцион тизим версияси ва аниқ нархи ҳам маълум эмас.

Дарвоқе, мазкур ишлаб чиқарувчининг бундан олдинги Oukitel K10000 модели ҳам батареяси бақувват смартфонлар рейтингида етакчи эканини таъкидлаш жоиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!