Рақамли бармоқ изи ва уни яшириш

  •   DiMaX
  •  3266
  •  27.04.2017 10:19

Рақамли бармоқ изи ва уни яшириш

Реклама компаниялари биз ҳақимиздаги маълумотларни тўплаб, уларга асосланган ҳолда, айнан ўзимизга мўлжаллаб реклама кўрсатишларидан хабарингиз бор. Лекин шу маълумотларимизни кўрмасликлари учун ўзимизнинг «бармоқ изларимизни тозалаб» юришимиз ҳам мумкин.

Браузернинг рақамли бармоқ изи нима?

Рақамли бармоқ изи – бу браузернинг барчага кўринарли бўлган турли хусусиятлари йиғиндисидир. Унга, масалан, ўрнатилган кенгайтмалар рўйхати, операцион тизим версияси, маҳаллий вақт, тил созламалари ва ҳоказолар киради. Бу хусусиятларнинг ҳар бири, алоҳида олинганда, сиз кираётган сайтлар учун бирорта махфий маълумот узатмайди. Бироқ биргаликда улар бетакрор, фақат сизнинг шу браузерингизгагина хос бўлган хоссалар йиғиндиси сифатида рақамли бармоқ изига айланади.

Менинг браузеримда ҳам бармоқ изи борми?

Ҳа, албатта. Истасангиз, Ipleak.com сервиси ёрдамида бунга ўзингиз яна бир бора ишонч ҳосил қилишингиз мумкин.

Хўш, нима бўпти шунда?

Рақамли бармоқ изи сизнинг интернетдаги ҳаракатларингизни бошқалар кузатиб боришларига имкон беради. Сиз кирадиган ҳар бир сайтда (ҳа, ҳатто «анавинақа» сайтлардаям!) бармоқ изингиз қолади. Фойдаланувчи маълумотларини тўплаш ва таҳлил этиш билан шуғулланувчи компаниялар эса ана шу изларингиз асосида сизнинг «досье»нгизни тузишади. Мазкур досьеда фойдаланувчи ҳақидаги ҳамма маълумотлар бўлади: ёши, жинси, диний ва сиёсий қарашлари, турли қизиқишу хоббилари ва ҳоказо.

Браузеримдаги тавсия этилган барча хавфсизлик созламаларини тўғрилаб чиқдим, энди мени кузатишмайдими?

Адашасиз. Аксинча, браузернинг оддий фойдаланувчидан ўта фарқ қилувчи, бетакрор созламалари умумий фонда янада аниқроқ кўриниб туради. Кузатишни тақиқлаш, cookies файлларини ўчириш, инкогнито режими ҳам бармоқ изи қолдирмасликни тўлиқ кафолатламайди.

Нима қилиш мумкин унда?

Чалғитиш учун қалбаки излар қолдириш керак. Тармоқдаги ҳаракатларингизнинг ҳақиқий тарихини адаштириб юбориш учун кўплаб сохта бармоқ излари бор. Маълумот йиғувчилар бу алғов-далғов маълумотлар орасидан ҳақиқийларини топиб, сизнинг чинакам рақамли портретингизни ярата олмайдилар.

Буни қандай қилса бўлади?

Blurr кенгайтмасини ўрнатинг. У фон режимида ўзида мавжуд махсус рўйхатдаги турли сайтларга кириб-чиқади. Бу рўйхатга ўзингиз ўзгариш киритишингиз имкони ҳам мавжуд. Кенгайтма созламаларида ҳатто сохта рақамли портретингиз учун айрим параметрларни белгилашингиз ҳам мумкин: жинс, қизиқишлар… каби. Шунда кенгайтма фақат шунга мос келувчи сайтларни кезиб чиқади.

Бу интернетда ишлашимга халақит бермайдими?

Йўқ. Кенгайтма фақат сиз браузерда бирор ҳаракатни амалга оширмаётган, бекор қўйган пайти ишлайди. Бу борадаги керакли параметрларни созламалар орқали ўзингиз тўғриласангиз ҳам бўлади.

Уни қандай ишлатаман?

Blurr – Google Chrome браузери учун ишлаб чиқилган кенгайтма бўлиб, бошқа браузерларда тўғри ишлашига кафолат йўқ. Уни Chrome’га мана бу манзилдан кўчириб олиб  ўрнатасиз. Шунда браузернинг манзил қаторидан ўнг томонда унинг белгичаси пайдо бўлиб қолади. Ўшани босиш орқали Blurr кенгайтмасини ишга тушириб, сохта бармоқ изи қолдиришингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.