Рақамли Ўзбекистон 2023 йилда: Интернет статистикаси

Рақамли Ўзбекистон 2023 йилда: Интернет статистикаси

Ҳозирги кунда Ўзбекистон 35 миллион атрофидаги аҳолига эга. Datareportal 2023 йил январ ойига кўра тайёрланган статистик маълумотларга кўра, ушбу аҳолининг 90 фоиздан ортиғи мобил алоқага уланган ва у мамлакатнинг 85.9 фоизини қамраб олади.

Бироқ Интернетга уланганлар сони бироз шубҳали. Халқаро электралоқа иттифоқи Ўзбекистондаги Интернетга уланганлар сони 76.6% эканлигини таъкидлайди. Жаҳон фактлар китоби ва Дунё Интернет статистикаси берган маълумотларга қараганда эса уларнинг сони 17.16 миллион эканлигини кўришимиз мумкин. Ўзбекистондаги ўртача интернет тезлигига келадиган бўлсак, у қуйидагича:

  • ўртача мобил интернет тезлиги: 14.55 мб/секунд (+6.4 фоизга ўсган)
  • ўртача симли интернет тезлиги: 45.17 мб/секунд (+24.7 фоизга ўсган)

Бунда асосий интернет трафиги мобил қурилмалардан келади – 69.89%. Қолгани компютер (29.7%) ва планшетларга (0.74%) тегишли ҳисобланади.

Маълум бўлишича, мамлакатимиздаги Интернет фойдаланувчиларининг 73.81 фоизи Chrome браузеридан фойдаланишади. Apple қурилмалари эгалари фойдаланадиган Safari 8.16%, Galaxy эгалари фойдаланадиган Samsung Internet 5.85%, кўпинча компютерларда фойдаланиладиган Microsoft Edge 1.80%, Firefox 1.01% ва Opera эса 1% улушга эга.

Браузерлардаги қидирув тизимларига келадиган бўлсак, Google бу борада шубҳасиз "қирол" – у 83.52% улушга эга. Ундан кейинги ўринни Google'нинг русча аналоги, Yandex қидирув тизими 14.59% билан эгаллаган.

Бу қидирув тизимларида энг кўп мактабларда фойдаланиладиган Кундалик платформаси, Google Translate ёхуд таржимон сайтлар, об-ҳаво ва бошқа медиа манбалар қидирилган.

Интернетни ижтимоий тармоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Берилган маълумотларга кўра, мамлакатимизда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари сони 5.35 миллионни ташкил қилади. Бу аҳолининг 15.3 фоизи бўлиб, уларнинг 32.7 фоизи аёллар ва 67.3 фоизи эса эркакларни ташкил қилади.

Гарчи ижтимоий тармоқ бўлмаса ҳам Telegram Ўзбекистондаги энг машҳур платформа эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Ундан кейинги ўринда эса Instagram мамлакатимиздаги барча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг 30 фоизини қамраб олган. Pinterest платформаси 22.82% улушга эга эканлиги бироз шубҳали кўринади. Facebook (15.12%) ва Twitter (4.83%) ҳам ўз ўрнига эга.

YouTube'га келадиган бўлсак, у 20% улушга эга. Ундан энг кўп кино, мултфилм ва мусиқалар қидирилган.

ЎҚИНГ: Интернет 2023 йилда: статиска ва рақамлар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.