Рақамли ТВ: телевизор харидида муҳим тавсия, билиш зарур бўлган жиҳатлар

Рақамли ТВ: телевизор харидида муҳим тавсия, билиш зарур бўлган жиҳатлар

 

Бугунги рақамли телевидение тасвирни ёрқин ва овозни аниқ-тиниқ эшиттириш, бир вақтнинг ўзида бир нечта каналларни узатиш жиҳатлари билан ўзига хос. Ўзбекистон рақамли телевидениени жорий этишда жаҳондаги етакчи мамлакатлар сирасига киради. Жумладан, айни пайтда мамлакатимизнинг 88 фоиз ҳудуди рақамли телевизион сигналлар билан қамраб олинган. 2017 йил якунига қадар бу кўрсаткич 100 фоизга етади. Қуйида бугунги ҳар бир рақамли телевидение фойдаланувчиси билиши зарур муҳим маълумотларни диққатингизга ҳавола қиламиз.

Рақамли телевидениенинг аналогли телевидениедан фарқи

Тасвирни узатиш ҳамда қабул қилиш жараёнида рақамли қайта ишланиши натижасида тасвир сифати равшан. Аналог телевидениеда экрандаги тасвирларнинг жимирлаши, турли ташқи таъсирлар кузатиларди, тасвир йўқолиши сезилар эди.

Аналог телевизорда товуш бирмунча ноаниқ чиқар, вижиллаб эшитиларди. Рақамли телевидениеда овоз стерео ёки 5.1. шаклида узатилиши билан ҳам устундир. Бугунги кундаги телевизорларга бешта оддий ва битта паст частотали овоз кучайтиргични улаб, уй кинотеатри муҳитини яратиш мумкин.

Юртимиз ҳудуди 2017 йилда рақамли телевизион сигналлар билан тўлиқ қамраб олинади

2017 республикамиз ҳудудларида 66 та юқори қувватли ва 328 та камқувватли рақамли телевидение узаткичини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш белгиланган. Натижада мамлакат аҳолисини, шу жумладан, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги аҳолини рақамли телевидение билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилади.

Рақамли телеузаткичларнинг афзалликлари

Айтиш жоизки, замонавий асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатиш техник ходимлар зиммасига юклатилади. Сигнал транспорт телекоммуникация тармоқлари орқали узатилади ва зарар етган ҳолларда, захира линиялар, албатта, ишга тушади. Яъни юқори қувватли рақамли телеузаткичлар ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам ишлашда давом этади. Агар тўсатдан чироқ ўчиб қоладиган бўлса, дизель генераторлар автоматик равишда ишга тушади. Камқувватли узаткичларга махсус хизмат кўрсатиш талаб этилмайди. Улар яқин атрофда жойлашган аҳоли пунктидаги электр қуввати тармоғига уланади. Камқувватли ускуналарга сигнал сунъий йўлдош алоқа тармоғи орқали етказиб берилади. Шунинг учун жудаям ноқулай об-ҳаво шароитида намойиш қилинаётган тасвир ва овоз сифатида ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Шаҳару қишлоқ аҳолиси қанча каналдан фойдаланиши мумкин бўлади? Рақамли ТВни кўриш учун қандай ускунага зарурат туғилади?

Рақамли телевидение билан тўлиқ қамраб олинган ҳудудларда 12 та каналдан иборат очиқ тўплам намойиш қилиниб, улар сони изчил кўпайтириб борилаяпти. Бу тўпламдан республикамизнинг барча ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлади.

2016 йил охирида DVB-T2 янги стандарти жорий қилиниши билан битта рақамли телеузаткич ёрдамида 16 та теледастурни узатиш имконияти пайдо бўлди. Жорий йилда бориш қийин бўлган ва олис ҳудудларда айнан мана шундай камқувватли янги авлод узаткичлари ўрнатилади. Демак, олис туманлар аҳолиси 12 та эмас, балки 16 та дастур билан, яъни 12 та давлат ва 4 та нодавлат канали билан қамраб олинади. Шу ўринда DVB-T2 стандартида сигнал ташқи таъсирларга анча чидамли ҳисобланишини айтиш керак.

Бугунги барча телевизорлар DVB-T2 стандартини қўллаб-қувватлайдими?

Замонавий телевизорларнинг аксарияти, жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётганларида махсус рақамли тюнер ўрнатилган. Ушбу ускуна DVB-T2 стандартида ишлайди. Унга оддий антенна бўлса, бас. Эски авлод телевизорлари учун “Set-top-Box” тюнерини харид қилиш керак бўлади. У янги стандартдаги тўлқинни қабул қилади. Мазкур қурилмани “UzDigital TV” офисларидан олиш мумкин. Шу билан бирга, ушбу компаниянинг барча туман марказларида ваколатхоналари ва расмий дистрибьютерларини очиш мўлжалланмоқда. Уларда абонентларга зарурий маслаҳат ва хизматлар кўрсатилади.

Рақамли телевидениега ўтилса, аналогли эфир тўлиқ ўчириладими? Ҳамманинг ҳам телевизори янги форматга мос эмас, тюнерлари ҳам йўқ.

Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси тайёрланган. Ҳозирги кунда ушбу ҳужжат мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилаяпти. Аналогли ретрансляторларни эфирга узатиш ҳукумат қарори билан тасдиқланадиган махсус жадвал асосида тугатилади. Унгача аналогли телевидение рақамли телевидениега ўтказилади. Энг муҳими, бу жараён одамлар учун муаммо туғдирмайди. Ҳужжатда, шунингдек, кам таъминланган оилаларга рақамли тюнер ва бошқа қурилмаларни имтиёзли кредитлар асосида харид қилиш имкониятини яратиб бериш кўзда тутилаяпти.

Рақамли телевидениега мос телевизор танлашда нималарга эътибор қилиш керак?

Ўзбекистонда жорий қилинаётган рақамли ТВнинг DVB-T2 стандарти тасвирни HDTV; UHDTV каби юқори форматларда кўришда айни муддао. Аммо, бугун бозордаги ҳамма телевизорлар ҳам бу технологияни қўллаб-қувватламайди. Телевизор харид қилаётганда, DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнер бор-йўқлигига эътибор қаратиш лозим. Маҳсулотнинг техник тавсифида бу ҳақида батафсил ахборот берилган бўлади. Бундай телевизор рақамли телевидениега уланиш учун ортиқча қурилмаларни талаб қилмайди. Бугунги кунда мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилаётган аксарият телевизорларда DVB-T2 стандартида ишлайдиган тюнерлар мавжуд.

Материал Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “Халқ сўзи” газетаси ҳамкорликда тайёрлаган “Ҳар бир ҳудуд рақамли телевидение билан қамраб олинади” номли мақола асосида тайёрланган.

 

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!