Расман: Pixel 7 ва Pixel 7 Pro смартфонлари тақдим этилди

Расман: Pixel 7 ва Pixel 7 Pro смартфонлари тақдим этилди

Бошқа компаниялардан фарқли ўлароқ Google бир йил давомида саноқли янги смартфонларни тақдим этади. Янги Pixel 7 серияси билан Google 2022 йилда атиги учта (Pixel 6a билан ҳисоблаганда) смартфон чиқарди. Бу Apple тақдим этган смартфонлар сонидан ҳам кам. 

Бу йилги янги қурилмалар ҳам худди ўтган йилги каби - кичик ҳажмли оддий модель ҳамда яхшироқ дисплей ва камерларга эга Pro модель. Албатта, оддий моделдан Pro модель бир мунча қимматроқ. 

Google Pixel 7 Pro 

Кейинги 12 ой ичида Google таклиф қиладиган энг яхши смартфон бу - Pixel 7 Pro ҳисобланади. Флагман модель сифатли дисплей ва катта ҳажмли сенсорга эга асосий камера билан жиҳозланган. Шунингдек, компания ушбу моделни узоқ йиллик дастур янгиланиши билан таминлайди. 

Агар ўтган йилги Pixel 6 Pro модели билан таққосланса, янги моделни жуда ҳам ўзгариб кетган дейиш қийин. Асосий ўзгариш деб янги Tensor G2 чипи ҳамда янгиланган телефото камерани айтиш мумкин. 

Янги Tensor G2 чипи тўрт нанометрли жараён асосида яратилган бўлиб, у иккита Cortex-X1, иккита Cortex-A76 ҳамда тўртта Cortex-A55 ядроларига эга. Гарфика учун эса Mali-G710 MC10 жавоб беради. У ўтган йилги моделга ўрнатилган G78 график процессорига қараганда юқори унумдорлик ҳамда самарадорликни тақдим этади. 

Иккинчи авлод Tensor чипи машина ўрганиш вазифаларини 60% тезроқ ҳамда 20% самаралироқ бажаришга қодир. Чипдаги марказий процессор Pixel 7 ва 7 Pro'га хос бўлган Photo Unblur каби функциялар учун масъул бўлиб, у ҳар қандай эски суратлардаги хиралик ва шовқинларни олиб ташлаш учун Google'нинг илғор сунъий интеллектидан фойдаланади. Шунингдек, чипсет камерларнинг умумий сифатини ошишига ҳам ёрдам беради. 

Худди ўтган йилги модель каби, Pixel 7 Pro ҳам 12ГБ тезкор хотира ҳамда 128ГБ, 256ГБ, 512ГБ доимий хотирага эга бўлди. Афсуски, хотирани microSD картаси билан кенгайтиришнинг иложи йўқ. Смартфонга битта SIM-карта ҳамда битта электрон SIM-карта қўйиш мумкин. 

Энди камера ҳақида маълумот берсак. Орқа панелда 1/1.31 дюймли сенсорга эга 50МП асосий камера жойлашган бўлиб, у тўртта пикселни биттага бирлаштиради. Асосий камера диафрагмаси f/1.85 бўлиб, у 82° кўриш майдонига эга. Агар камерага янада кенгроқ майдонни сиғдириш керак бўлса, у ҳолда 12МП ультракенг камера ёрдамга келади. Ушбу камера 125.8° кўриш майдонига эга. Бу йилги ультракенг камера бироз такомиллаштирилди. Энди у автофокус имконятига эга бўлиб, макро суратларни ҳам олиши мумкин.  

Асосий камера оптик ҳамда электрон стабилизацияга эга. У 4K 30 ёки 60 кадр форматда видеолар олиши мумкин.

Смартфон 10 битли HDR видео ёзиб олиши мумкин ва Google компанияси Snapchat ва TikTok каби иловаларнинг ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиб, улар учун юқори сифатли видеоларни ҳам тақдим этади. Камера иловаси кинематик хиралик яратиш ёки қўлда тасвирни янада барқарорлаштириш учун Tensor G2 чипсетининг янги имкониятларига таянади. Учинчи камера бу - 48МП телефото. Ушбу камеранинг оптик зуми 5х яқинлаштиришга ошди. 

Pro модель 6.71 дюймли AMOLED дисплейи билан жиҳозланган. Бу QHD+ резолюциядаги LTPO дисплей тури бўлиб, у 10-120 гертс частоталарга алмашган ҳолда ишлаши мумкин. Дисплей четлари бироз қайрилган, уни Gorilla Glass Victus ойнаси ҳимоялаб туради. Экран остида бармоқ изи сканери жойлашган. Шунингдек, смартфонни юзни таниш функцияси орқали ҳимоя қилиш мумкин. 

Янги моделнинг аккумулятор сиғими ўзгармаган - 5,000 мАс. Уни симсиз қуввлаш мумкин, бундан ташқари, гаджет ўзидан ҳам бошқа қурилмаларга симсиз қувват бериши мумкин. Смартфон сув ва чангдан ҳимоя IP68 стандартига эга. Корпус 100% қайта ишланган алюминийдан тайёрланган. 

Google Pixel 7

Pixel 7 - бу Pro моделнинг арзоноқ ва кичикроқ муқобили. Албатта, ушбу модель Pixel 6a моделига қараганда каттароқ. 

Google оддий модель учун ҳам 8ГБ тезкор хотирани сақлаб қолди, аммо энди доимий хотира учун 128ГБ ёки 256ГБ танлаш керак. Компания қурилмани уч йиллик Android янгиланиши ҳамда 5 йиллик хавфсизлик янгиланиши билан таминлайди. 

Pixel 7 модели аввалги Pixel 6'га қараганда бироз кичикроқ. Унинг дисплей ҳажми бир дюймга кичрайган - 6.3 дюйм. Икки қурилманинг ҳажм ҳамда оғирлиги қуйидагича:

Pixel 7 - 155.6 х 73.2 х 8.7мм, 197г

Pixel 6 - 158.6 х 74.8 х 8.9мм, 207г.

Қурилма бироз кичрайган бўлса-да, унинг ҳажми Galaxy S22 ҳамда iPhone 14 моделларидан каттароқ. 

Дисплей ҳамон FHD+ резолюциядаги AMOLED. Ёрқинлик энди 25% га ошди. Афсуски, дисплей фақат 90 гертсда ишлайди. Ҳеч бўлмаганда 120 гертс бўлганда яхшироқ бўларди, лекин Pixel 7 модели 60 гертсли дисплейга эга iPhone 14'дан ҳам арзонроқлигини ҳисобга олиш керак. 

Қурилма ҳажми кичрайгани сабаб унинг аккумулятор сиғими ҳам кичрайган. Ўтган йилги модель 4,614 мАс сиғимли аккумуляторга эга бўлган бўлса, энди у 4,355 мАс сиғимга кичрайди. Бироқ янги чип сабаб смартфоннинг қувват тежамкорлиги ҳам ошган. 

Pro модель каби оддий модель ҳам 50МП асосий камерага эга. Иккинчи камера эса 12МП ультракенг. Телефото камера мавжуд эмас, зум учун смартфон асосий камерага таянади. Олд панелда 10.8МП селфи камера жойлашган. Pixel 6 модели 8МП селфи камерага эга эканлигини ҳисобга олсак, буни ўсиш дейиш мумкин. Pro модель ҳам худди шу селфи камерага эга. 

Икки қурилманинг бошланғич нархи қуйидагича:

Pixel 7 - 600 доллар

Pixel 7 Pro 900 доллар.

Қурилмага олдиндан буюртма олиш бошланган. Сотувлар 13 октябрдан бошланади. 

ЎҚИНГ: Яна бир Ultra смартфон тақдим этилди