РАСМАН: Redmi мустақил бренд бўляпти, илк смартфон тақдимоти – 10 январда!

  •   DiMaX
  •  2273
  •  03.01.2019 19:10

РАСМАН: Redmi мустақил бренд бўляпти, илк смартфон тақдимоти – 10 январда!

«Хитойча Apple» кеча «Бирор яхши воқеа ҳозироқ юз беришига ҳамиша ишониш»га ундаб постер эълон қилганди. Шу асосида бугун – 3 январда у бирор гаджетини намойиш этишини тахмин қилишганди.

ЎҚИНГ: Redmi 7 ёки Redmi Pro 2: Xiaomi бу йилги илк тақдимотини бугуноқ ўтказяпти!

Белгиланган вақт етиб келганида, Xiaomi компанияси 10 январда муҳим тадбир ўтказишини маълум қилди. Унда «хитойча Apple» ўз фаолиятидаги туб бурилиш ҳақида сўзлаб беради ва янги смартфон тақдим этади.

Шундай қилиб, Redmi энди алоҳида, мустақил брендга айланади. Худди Huawei корпорациясининг Honor бренди сингари. Xiaomi раҳбари Лэй Цзюнь (Lei Jun) сўзларига кўра, компания шу йўл билан Mi ҳамда Redmi туркуми маҳсулотларини ажратмоқчи. Зеро, Mi туркумида асосан премиал смартфонлар, Redmi сериясида эса – ҳамёнбоплари тақдим этилиб келаётир. Бундан ташқари, Redmi асосан онлайн-дўконлар орқали, Mi маҳсулотлари эса офлайн дўконлар тармоқларида ҳам кенг савдога қўйилади.

ЎҚИНГ: ҚИСҚА ВИДЕО: 2018 йилда Xiaomi нималарни тақдим этди?

Шунингдек, 10 январдаги тадбирда Redmi брендидаги янги смартфон намойиши ҳам ўтказилади. Бу – биз аввал ҳам ёзган, 48 мегапикселли камерага эга моделдир. Қуйидаги тизерда «Redmi» ёзувининг соясига разм солсангиз, унда тескарисига ёзилган «48000» сонини пайқайсиз – бу айни шу камерага ишорадир.

Фақат унинг айнан қайси модел эканини Xiaomi ҳануз сир тутмоқда. Бунинг Redmi 7 Pro ёки Redmi Pro 2 русумли смартфон бўлиши эҳтимоли юқори.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi 7, Redmi 7A ва Redmi 7 Pro аллақачон сертификатланди – уларнинг тақдимоти яқин!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!