Расмий хабар: Huawei P10 ва P10 Plus тақдим қилинди

Расмий хабар: Huawei P10 ва P10 Plus тақдим қилинди

MWC 2017 — Жаҳон Мобиль Конгрессида хитойлик ишлаб чиқарувчи Huawei навбатдаги Huawei P10 ва P10 Plus смартфонларини тақдим қилди. “Аждод”лари каби, Huawei P10 ва P10 Plus флагманлари Leica’нинг икки объективли бош камераларига эга бўлишди. Бироқ, аввалги гаджетлардан фарқли равишда, P10 ва P10 Plus’нинг олд камералари ҳам немисларнинг Leica фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган.

Асосий жиҳатлари:
Huawei P10 гаджети 5,1 дюймли Full HD дисплейга, Huawei P10 Plus’нинг экран диагонали эса 5,7 дюйм, сиғими — Quad HD. Смартфонлар экранлари 2,5D туридаги қайрилма Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган. Бу шиша гаджетларни нохос тушиб кетганида ҳимоя қилади. Экран қуйисидан ягона тугма ўрин олган. Бу тугмада бармоқ излари сканери мавжуд. Шунингдек, бу тугма бармоқни қисқа ва узоқ босиб туриш, орқа ва олдинга суриш орқали “свайп”, “орқага”, “олдинга” каби анъанавий сенсор тугмалар вазифасини ҳам бажаради.

Huawei P9 каби, бош камера модулларидан бири рангли, иккинчиси оқ-қора суратга олади. Улардан бири 12 бошқаси 20 мегапикселли. Уларда SUMMILUX-H линзаларидан фойдаланилган. Камера модулларининг ёруғлик ўтказувчи апертура объективлари ҳажми f/1,8. Иккала қўш объектив олган сурат дастур ёрдамида омихталашади.

Натижада, ёрқин ва рангларга тўйинган суратга гувоҳ бўлиш мумкин. Камера оптик барқарорлаштириш, 4 каррали гибрид автофокус, 2 каррали гибрид зум функцияларига эга. Камерада 2160р сиғимли видео тасвирга олиш мумкин.

Флагманларнинг металл корпуси «гипер олмос» қопламасига эга. Ишлаб чиқарувчининг айтишича, бу қоплама бармоқ излари ва тирналишларга чидамли. Бу гаплар корпус ранги жуда нозик iPhone 7 ва 7 Plus тақдимотида ҳам айтилган эди. Huawei P10 ва P10 Plus жилодор – Ceramic White талқинлари ҳам мавжуд.

Яна бир муҳим жиҳати корпусдаги нано-қоплама смартфонларни чанг ва сувнинг ёмон таъсиридан ҳимоя қилади.

Корпус жуда юпқа – 7 мм. Шу билан бирга, Huawei P10’да аккумулятор сиғими ўртача – 3200 мА соат. P10 Plus’да эса 3750 мА соат. Бу смартфонларга 2-2,5 кун ишлаши учун етади. Шунингдек, уларда тезкор қувватлаш тизими ҳам мавжуд.

Huawei P10 Plus’нинг яна бир муҳим жиҳати – алоқа сифатини ошириш хусусияти. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу 4,5G алоқа тармоғига хослашган жаҳондаги илк смартфон. Ундаги 4 та антенна 4x4MIMO алоқа технологиясини амалга оширади. Натижада, гаджетнинг алоқа сигналларини қабул қилиш салоҳияти ошади.

Huawei Geo Technology технологияси эса GPS спутник тизимларининг сигналларини сифатли қабул қилади.

Huawei P10 / P10 Plus техник жиҳатлари:

Процессор: HiSilicon Kirin 960, 8 ядроли (4 Cortex-A73, частота тезлиги 2,4 ГГц + 4 Cortex-A53 частота тезлиги 1,8 ГГц), 64 бит, Mali-G71 видеокартаси.
Оператив хотира: 4 – 6 ГБ
Доимий хотира: 64 – 128 ГБ
Экран: 5,1 дюймли, Full HD (1920 x 1080 белги, ҳар дюймда 431 ppi) / 5,5 дюймли, Quad HD (2560 x 1440 белги, 534 ppi)
Бош камера: қўш объективли, 12 + 20 МП, линзалари SUMMILUX-H, апертура f/1,8, 4 каррали гибрид автофокус, икки каррали «гибрид» зум, видео тасвир сиғими 2160р.гача.
Олд камера: 8 МП, f/1,9
SIM-карт бўлмаси: 2 та, биттаси гибрид ( microSD картаси ёки SIM-карта учун)
Алоқа: 2G/3G/4G, Wi-Fi (802.11a/b/g/n/ac), dual band, 2×2 MIMO, USB Type-C, 3,5-мм, NFC технологияси
Аккумулятор: 3200 / 3750 мА соат, тезкор қувватлаш тизими
Корпус: металл
Операцион тизим: Android 7.0’нинг EMUI 5.1 талқини
Ўлчамлари: 145,3х69,3х6,98 мм / 153,5х74,2х6,98 мм
Вазни: 145 грамм / 165 грамм


Талқини ва нархи
Huawei P10:
4 / 64 ГБ – 649 евро

Huawei P10 Plus:
4/64 ГБ – 699 евро
6/128 ГБ – 799 евро

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!