Расмий: Nokia 8 флагмани сотувга чиқарилди

Расмий: Nokia 8 флагмани сотувга чиқарилди

Шу йилнинг 17 августида Nokia'нинг илк кучли -- Nokia 8 смартфони тақдим қилинган эди. Флагман 5.3 дюймли Quad HD дисплей, 8 ядроли кучли Snapdragon 835 процессори ҳамда қўш сенсорли бош камераси билан ўзига хос.

Кеча -- 6 сентябрда Nokia 8 флагман смартфони расман Германия ҳамда Австралияда сотувга чиқарилди. Девайс тез орада бошқа смартфон бозорларини ҳам "забт" этади.

Германияда Nokia 8 учун 579 евро сўралмоқда. Яъни, бу тахминан 690 АҚШ долларига тенг. Шунингдек, Amazon тармоғидан харид қилинган Nokia 8 учун бепул 64 гигабайтли SanDisk Ultra microSDXC хотира картаси қўшиб берилмоқда. Австралияда смартфон 799 австралия доллари, аниқроғи 719 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Мобил алоқа воситасининг тезкор хотира сиғими 4 (DDR4X), доимий хотира эса 64 гигабайтли (UFS 2.1). Смартфон 256 ГБ.гача бўлган қўшимча хотирани қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, Nokia 8'нинг кўк корпусли талқинига 128 гигабайтли хотира ўрнатилади.

Nokia 8 Android 7.1.1 (Nougat) тизимида ишлайди. Ишлаб чиқарувчининг сўзларига кўра, гаджетда Android хавфсизлик тизими ҳар ой янгиланади.

Nokia 8 девайсининг бош камераси 13 мегапикселли 2 та сенсордан иборат. Улар манзарани оқ-қора ва рангли кўринишда, шунингдек кенг бурчак остида муҳрлайди. Сенсорларнинг оптик линза сиғими f/2.0 ҳажмли. Селфи суратлар учун ҳам 13 мегапикселли сенсор танланган. Одатга кўра, уларда ZEISS линзаларидан фойдаланилган.

Смартфон алоқанинг 4G VoLTE, Wi-Fi 802.11ac (MIMO), Bluetooth 5.0, GPS/ GLONASS, USB Type-C 3.1 Gen 1, NFC каби тармоқларида ишлайди. Унинг қуввати учун 3090 мА соат сиғимли, Qualcomm Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологиясига эга аккумулятор жавобгар.