Расмий тақдимотидан аввал Vivo V21 5G смартфонини анбоксинг видеосида батафсил кўрамиз!

  •   DiMaX
  •  489
  •  26.04.2021 17:05

Расмий тақдимотидан аввал Vivo V21 5G смартфонини анбоксинг видеосида батафсил кўрамиз!

2021 йилнинг биринчи чорагида Vivo энг кўп смартфон сотган компаниялар рўйхатига кирган. Унинг Vivo X50 Pro+ модели эса, апрель ойи рейтингига кўра, нархи тезда тушиб кетмайдиган саккизта смартфондан биридир.

ЎҚИНГ: vivo X60 Pro+ нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Хитойлик бу ишлаб чиқарувчи 27 апрель куни Vivo V21 5G русумли янги телефонининг тақдимотини ўтказишини эълон қилган. Блогерлардан бири эса аллақачон унинг анбоксинг видеосини эълон қилди.

Лавҳада кўрсатилишича, Vivo V21 5G қадоқ жамланмасига смартфоннинг ўзи ва ҳужжатларидан ташқари ҳимоя ғилофи, SIM-карта уячасини очиш учун игнача, 33 ваттлик тезкор қувватлагич ва кабел ҳам кирган. Шунингдек, бу моделда 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш йўқлиги боис, USB Type-C портидан 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишига ўтказувчи аудиопереходник ҳам қутига солинган.

Қурилманинг орқа панели шишадан ишланган ва икки рангли градиент тусда. Корпусининг чап қиррасида бирор бошқарув унсури йўқ – смартфонни ўчириб-ёқиш ҳамда овозини кўтариш-пастлатиш тугмачалари ўнг қиррада.

Vivo V21 5G орқа панелидаги бош камера 64 мегапикселлик асосий ҳамда 8 ва 2 мегапикселлик қўшимча сенсорларни ўз ичига олган. Маълумотларга кўра, уни диагоналига 6,44 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозлашган. Full HD+ форматида тасвир узата олувчи экраннинг кадр янгиланиш частотаси 90 герцга тенг.

Смартфон MediaTek Dimensity 800U процессори базасида қурилган ва 8 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Унинг аккумулятори ток сиғими 4400 мА/соатни ташкил этади. Инсайдерларга кўра, Vivo V21 5G бозорга тахминан 400 долларлик нархнома билан чиқарилади.

ЎҚИНГ: 2021 йил 1-чоракдаги энг зўр ўнта смартфон (Master Lu рейтинги)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!