РАСМИЙ ВИДЕО: Mi A3 намойиш этилди – Xiaomi CC9e’нинг глобал талқини, аммо фарқлари бор (айниқса нархи!)

  •   DiMaX
  •  1702
  •  18.07.2019 10:28

РАСМИЙ ВИДЕО: Mi A3 намойиш этилди – Xiaomi CC9e’нинг глобал талқини, аммо фарқлари бор (айниқса нархи!)

Кутилганидек, кеча – 17 июль куни Xiaomi компанияси Android One дастури доирасига кирувчи Mi A3 смартфонини тақдим қилди. Мазкур гаджет аллақачон тақдимот ўтказилган Испанияда сотувга ҳам чиқди; Европанинг яна бир нечта мамлакатида эса яқин орада савдога қўйилади.

ЎҚИНГ: Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

Mi A3 яқинда Хитойда намойиш этилган CC9e смартфонининг глобал варианти бўлиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланди. Унинг аппарат таъминоти асосини Snapdragon 665 процессори ташкил этади. Операцион тизим сифатида тоза Android 9.0 Pie ўрнатилган, яъни MIUI график қобиғи йўқ. Xiaomi CC9e моделидан фарқли равишда, янги моделда microSD-карта учун уяча мавжуд. Яна хитойча смартфонда тезкор хотира 6 гигабайтлик бўлса, халқаро версияда атиги 4 гигабайт билан чекланган.

Янги смартфоннинг 6,088 дюймлик AMOLED экрани устига Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 1560х720 пикселлик, унга бармоқ изи сканери ҳам интеграция қилинган.

Xiaomi Mi A3 олд камераси 32 мегапикселлик датчикка эга. Бош камера эса учталик: 48 МПлик асосий модули F/1,79 диафрагмали объектив билан бирлаштирилган. Иккинчи сенсори 8 МПлик бўлиб, унга 118 даражалик кўриш бурчагига эга кенг бурчакли объектив ҳамроҳлик қилади. Тасвирга олинаётган саҳнанинг чуқурлигини аниқлаш учун 2 мегапикселлик учинчи модул ҳам ўрнатилган.

Смартфон аккумуляторининг ток сиғими 4030 мА/соатлик, у замонавий USB-C порти орқали қувватланади. Корпусдан яна стандарт қулоқчин тирқиши ҳамда инфрақизил порт ҳам ўрин олган.

ЎҚИНГ: Xiaomi расман Mi 9 ҳамда Mi 9 SE флагманларини арзонлаштирди!

Қуйида Xiaomi Mi A3 моделига бағишлаб тайёрланган расмий видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин:

Xiaomi Mi A3 уч хил тусли корпусларда таклиф этилади: кўк, кул ранг ва «айёрона оқ». Булардан охиргиси қуёш нурлари остида корпусда қор учқунлари акс этиши билан оддий оқ рангдан фарқланади.

Афсуски, Xiaomi Mi A3 кўпчилик кутганидек арзон бўлиб чиқмади, айниқса, экран Full HD эмас, балки атиги HD+ форматида эканини ҳисобга олганда. Европада унинг 4/64 гигабайтлик тезкор/ички хотирага эга бошланғич версияси 250 еврога баҳоланган. Нисбатан «бағри кенг» – 4/128 гигабайтлик талқини учун эса компания 280 евро сўрамоқда.

ЎҚИНГ: Етти минг долларга Redmi K20 Pro бор, оласизми?