Razer 1 ноябрга «катта тақдимот» белгилади: геймерлар смартфони кутилмоқда

  •   DiMaX
  •  1113
  •  12.10.2017 14:44

Razer 1 ноябрга «катта тақдимот» белгилади: геймерлар смартфони кутилмоқда

Профессионел ўйин тизимлари ҳамда жиҳозлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Razer компанияси шу йилнинг 1 ноябрь куни махсус тадбир ўтказишни режалаштирган. Шу куни аллақандай йирик тақдимот бўлиши ҳақида у ўз сайтида маълумот чиқарди.

Компания айнан нимани намойиш этиши ҳозирча сир тутилаётир. Аммо эълон қилинган тизер-расмда қўлидаги мобил қурилмага киришиб кетган фойдаланувчи тасвирланган. Унинг қўлидаги гаджет эса, ўлчамларига кўра смартфон ёки фаблетга тўғри келади.

Razer ўйинларга мослаштирилган смартфон ҳам ишлаб чиқаришга тайёрланаётганлиги хусусида маълумотлар аввалроқ – ўтган йилнинг баҳоридаёқ пайдо бўлган. Кейинчалик бу компания Nextbit Robin маркали смартфонлар ишлаб чиқарувчи Nextbit фирмасини сотиб олган. Яқинда Razer вице-президенти чўнтагидаги, орқасида геймерларга қадрдон бўлиб қолган яшил логотип мавжуд бўлган смартфоннинг суратини интернетга чиқарган эди.

Шуларга асосланган ҳолда айтилаётган тахминларга кўра, кейинги ойнинг бошида биз илғор ўйин функцияларига эга бўлган чўнтак мобил қурилмасининг – «геймфон»нинг тақдимотига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Лекин бошқа версия ҳам айтилмоқда: Razer тайёрлаётган гаджет умуман смартфон ёки фаблет бўлмаслиги, балки портатив ўйин консоли бўлиши эҳтимоли ҳам мавжуд. Тақдимотнинг тизерига танланган «Томоша қил, тингла, ўйна» слогани ҳам шунга ишора қиляпти.

Мазкур янги, сирли девайс ҳақидаги маълумотлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиб бориш учун биздан узоқлашманг.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!