Razer Phone 2 ўйинбоп смартфони тақдимотидан аввал савдога қўйилди

  •   DiMaX
  •  718
  •  11.10.2018 10:08

Razer Phone 2 ўйинбоп смартфони тақдимотидан аввал савдога қўйилди

Ўйин қурилмаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Razer компанияси геймерлар учун дунёдаги биринчи смартфонни тақдим этганидан хабарингиз бор. У энди унинг иккинчи авлоди – Razer Phone 2 геймерофонини ҳам тайёрлаган.

ЎҚИНГ: Razer Phone 2: қурилма дизайни пресс-рендерларда намойиш қилинмоқда

Ушбу смартфоннинг тақдимоти бугун – 11 октябрга белгиланган бўлса-да, Amazon компаниясининг Италия бўлими сайтида у сал олдинроқ сотувга қўйилди. Афтидан, сайт маъмурияти соат минтақаларида адашиб кетган бўлса керак – улар Razer Phone 2 учун олдиндан буюртма олиш саҳифасини оммавий кўринадиган қилиб қўйишган. Бу саҳифада эса смартфоннинг сурати, техник жиҳатлари ва нархи ҳам кўрсатилган.

Razer Phone 2 якка кристалли Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди, унинг «аждод»ига эса Snapdragon 835 ўрнатилган эди. Иккинчи авлод геймерофоннинг тезкор хотираси 8 гигабайт ҳажмга эга. Сайтда фақат 64 гигабайтлик доимий хотирага эга версия сотувга қўйилган, лекин смартфоннинг бошқача ҳажмли вариантлари ҳам бўлса керак. Amazon ушбу қурилманинг 8/64 гигабайтлик хотирага эга талқини учун 870 евро сўрамоқда.

ЎҚИНГ: Илк ўйинбоп смартфон кутилмаганда нақ 300 долларга арзонлашди!

Янги смартфоннинг экрани ҳам биринчи авлод Razer Phone’даги сингари – 5,72 дюймлик суюқ кристалли панел. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 2560х1440 пикселли, янгиланиш частотаси эса 120 Гц. Смартфоннинг аккумулятори ток сиғими кўрсатилмаган, бироқ унинг симсиз қувватлаш технологиясига эга экани таъкидланган.

Шунингдек, Razer Phone 2 бетакрор совитиш тизимига ҳамда янгиланган дизайнга эга эканлиги ҳақида сўз боради. Унинг корпуси IP67 стандартига кўра чанг ва намдан муҳофаза этилган.

Razer Phone 2 геймерофонининг расмий тақдимоти тез орада бўлиб ўтади, жараёнларни биз билан бирга кузатинг.

ЎҚИНГ: Razer Phone 2: Илк геймерофоннинг иккинчи авлоди бенчмаркларда фош этилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!