Realme 10 Pro+ смартфони Ўзбекистонга келмоқда!

Realme 10 Pro+ смартфони Ўзбекистонга келмоқда!

Realme'нинг Ўзбекистондаги бўлими ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Realme 10 Pro+ смартонини тизер қилишни бошлади. Маълум бўлишича, компаниянинг флагман смартфони тез кунда мамлакатимиз ҳудудида сотувга чиқарилади.

Realme 10 Pro+ смартфони илк маротаба ўтган йилнинг ноябр ойи охирида Хитойда тақдим қилинган эди. Ушбу модел компаниянинг ён томонлари эгилган экранга эга биринчи смартфони ҳисобланади. Шунингдек, экранни ўраб турадиган рамкалар ҳам сезиларли даражада ингичка: смартфоннинг пастки жағи қалинлиги атиги 2.33 мм бўлиб, бу Galaxy S22 Ultra'да 2.6 миллиметрни ташкил қилади.

Техник хусусиятларга келадиган бўлсак, қурилма 6.7 дюймдаги 120 герц янгиланиш тезлигига эга бўлган FHD+ экранга эга. Экран юқори марказидан ўрин олган селфи камера 16MP. Орқа томондаги икки юмалоқ камера оролларининг бири 108 мегапикселли асосий, иккинчиси эса иккита: 8 MP ултра-кенг ва 2 MP макро камераларни ўз ичига олади. Капот остида қурилма Dimensity 1080 чипсети, 8/12 GB RAM, 128/256 GB хотира ва 5000 мА/соат батареяга эга. Смартфон Android 13 га асосланган Realme UI 4.0 да ишлайди ва у 5G.

Realme 10 Pro+ смартфонининг Ўзбекистон учун нархи ҳозирча номаълум, аммо joybox.uz веб-сайтида унинг 12/256 GB хотира вариантлиси 5,235,000 сўм нархда келтирилган. Таъкидлаш жоизки, смартфоннинг худди шундай хотира конфигурациясига эга Хитойдаги варианти 2299 юан ёхуд ≈3,770,000 сўм нархда тақдим қилинган.

Афсуски, Realme Узбекистан янги смартфон сотувлари қачон бошланишини маълум қилганича йўқ. Қолаверса, компания ҳозирча фақат Realme 10 Pro+ моделинигина тизер қилмоқда. Унинг укаси, Realme 10 Pro моделидан эса ҳозирча дарак йўқ.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.