Realme 3 Pro билан танишиш вақти келди!

Realme 3 Pro билан танишиш вақти келди!

Умумий маълумот

Realme деярли ҳар икки ойнининг бирида янги телефон тақдим қилмоқда. Охирги бир йил ичида компаниядагилар 9 та янги қурилма тақдим қилди. Уларнинг энг сўнггиларидан бири Realme 3 Pro смартфонидир. 

Бу гаджетнинг Pro эканлиги фақатгина қўшимча RAM'и/доимий хотираси билан ўлчанмайди. Realme'дагилар смартфонни бундан-да кўпроқ "бойит"ишган. Аввало, Realme 3 Pro дисплейи 720p'ли эмас, балки 1080p'ли панель бўлади. 6,3 дюймлик —  селфи камера “тирқиши“ни ҳисобга олмаганда — деярли ромсиз кенг экран Realme 2 Pro экранини эслатади. Ҳамёнбоп қурилмага Snapdragon 710 чипи ўрнатилган бўлиб, бундай кучли SоC (инг. System-on-a-Chip — смартфон ва планшетларнинг асосий процессори) ўрта тоифа смартфонида мавжудлиги тақсинга сазовордир. Худди шундай, илгарилари фақат қимматбаҳо Oppo флагманаларида бўлган VOOC тезкор қувватлаш технологиясининг ҳам Realme 3 Pro'да бўлишини олқишламасдан илож йўқ. 

Realme 3 Pro'нинг Realme 3'дан бир қатор устун жиҳатлари бор. 3 Pro'ларнинг хотира сиғими 4ГБ (тезкор хотира) ва 64ГБ (домий хотира) билан бошланади. 16МП f/1.7 ли асосий камера 2 Pro'дагига ўхшаши мумкин, лекин, Realme 3 Pro'га Sony'нинг IMX519 сенсори ўрнатилган. Сатҳ камераси 5 мегапикселлик. Таққослаш учун, 2 Pro'да бу 2МП эди. 25 мегапикселлик олд камера эса ўтган йилги Realme U1 девайсидаги билан бир хил. 

Realme 3 Pro характеристикаси 

  • Корпус, ҳажм, вазн: бир неча қаватли пластик орқа панель, поликарбонат ром, Gorilla Glass 5 шишали олд панель; 156,8х74,2х8,3мм; 172г.
  • Экран: 6,3 дюйм, 19.5:9 нисбат, 1080х2340px резолюция, 409ppi, IPS LCD.
  • Орқа камералар: асосий: 16МП, f/1.7'ли объектив; иккинчи: 5МП сатҳ камераси; LED чироқ; 2160@30fps видео ёзиш.
  • Олд камера: 25МП, f/2.0; 1080p@30fps видео ёзиш.
  • Чип: Snapdragon 710, саккиз ядроли процессор (2х2.2 Гигегертс 360 Gold & 6х1.7 Гигагертс Kyro 360 Silver), Adreno 616.
  • Хотира: 4/64ГБ, 6/64ГБ ёки 6/128ГБ; 256ГБ гача microSD.
  • Операцион тизим: Android 9 Pie, юзасида Color OS 6.0.
  • Аккумулятор: 4,045мА/с, 20W VOOC қувватлаш.
  • Алоқа турлари: Dual SIM (4G), Bluetooth 5.0, GPS/Glonass, Wi-Fi a/b/g/n/ac, FM радио, microUSB 2.0, 3.5мм аудио жек.
  • Бошқа таснифлар: орқа панелда "always-on" бармоқ изи сканери

Realme 3 Pro “unboxing“и

Realme 3 Pro ҳам Realme 3 каби кулранг-сариқ рангли қутида сотилади. Қути устидаги «Pro» сўзини инобатга оламаганда, иккала телефонни қутисидан фарқлаб бўлмайди. Қути ичида 20 ваттли VOOC қувватлагич адаптери бўлади. Адаптер учун махсус VOOC кабель ҳам жойланган. Сабаби бошқа турдаги кабеллар бу адаптер билан унчалик "чиқишмайди": компания тақдим қилган кабелдан фойдаланмасангиз, қурилангиз жуда секин қувватланади.

Бундан ташқари, Realme'дагилар смартфон корпуси нафислигини сақлаб қолиш учун харидорга шаффоф ҳимоя ғилофи ҳам тақдим этади.

ЎҚИНГ: Экспертлар нега Huawei P30 Lite'га "like" босмаяпти?

Дизайн ва 360 даражадан кўриниши

Realme 3 Pro умумий дизайни билан кўп жиҳатдан Pro бўлмаган аввалги девайсларни эслатади. Бироқ, албатта, улардан тафовутлари ҳам бор. Энг асосий фарқ қарама-қарши томондан келиб «S» шаклини ҳосил қилувчи товланма жилода. «Бу нима ҳам қилиб берарди?» дерсиз. Бу саволга қуйидаги кўзни қувонтирувчи тасвирлардан жавоб топишингиз мумкин. Ўзига хос бу эффект Nitro Blue ва Carbon Gray рангли қуриламларда, айниқса, кўзга ташланади. Lightning Blue опциясида ҳам бу жилони кўриш мумкин, лекин бунда «S» шаклидаги жилодан кўра панельнинг қорадан қирмизига алмашиши устунлик қилади. Шундай бўлса ҳам, умуман олганда, қайси рангдаги Realme 3 Pro'ни танласангиз ҳам бу жило сезилмай қолмайди. 

Орқа панельнинг чап бурчагида қўш камера, улар билан бирга LED чироқ жойлашган. Камералар панелдан чироқдан кўра бир миллиметер кўпроқ бўртиб чиққан, шу учун ҳам текис юзага қўйилганда, қурилма яхши жойлашмайди. Realme 3'да эса бўртма бу қадар кўп эмас. Сатҳ камераси атрофига декорация учун кўзга ташланувчи айлана чизиқлар жойлаштирилган. Чап томоннинг қуйи қисмида, шунингдек, компания логотипи мавжуд. Орқа панель бошқа ортиқча сўзлар/белгилардан холи. Бармоқ изи сканери ҳам орқа панельда. Лекин Realme'дагилар датчикни бироз тепароққа жойлаштирган, шу учун бармоқ биометрик маълумотидан фойдаланиб қурилмани блокдан чиқаришда бироз ноқулайлик юзага келади. 

Ўнг томондаги қувват тугмаси ва чапдаги овоз баландлаткич тугмалар жуда қулай нуқтада жойлашган. 

Чап томон тугмалари юқорисида яна иккита nano SIM ва microSD карта учун тирқиш жойлашган. 

Девайснинг пастки қисмидаги microUSB порт USB-C бўлмагани эса, афсуски, таъбни хира қилади. Портнинг чап томонидан асосий микрофон, унинг ёнидан эса 3.5 миллилетрлик аудио жек ўрин олган. Карнай эса чап томонни "уй қилган".Энди олд томонга ўтсак. Gorilla Glass 5 ойнали 6,3 дюймли экраннинг юқори қисмида сув томчиси каби ром бор. Унда камера, ёруғлик датчиги, ундан юқорида кичик карнай жам бўлган. Яқинлик датчиги бу ерда эмас, у ромнинг бироз ўнг томонида жойлашган. Қуйи ром ҳақиқий Pro қурилмаларга хос равишда Realme 3 дагидан қисқароқ. Умуман баҳолаганда, Realme 3 Pro'да ромлар жуда ҳам қисқа эканлиги тақсинга сазовордир. 

Смартфоннинг ҳажмига келсак, 156.8х74.2х8.3мм катталик билан Honor 8Х, Redmi Note 7 Pro ва vivo V15 Pro'лардан бироз кичик. 

172г вазни билан эса Realme маҳсулоти юқоридаги Honor, Redmi ва Vivo'лардан мос равишда 3, 13, 13 грамм енгилроқдир. 

Дисплей

Realme 3 Pro ўзидан аввалги Realme 2 Pro ва Oppo F9'лардаги каби IPS LCD экран панели билан жиҳозланган. 19.5:9 нисбатли 1080х2340px резолюцияга эга дисплейда пиксел зичлиги 409ppi'га тенг. 

Максимал юруғлик ўлчанганда жуда ҳам қониқарли натижалари кузатилди: 500 нит. Шунингдек, тўқ қора контраст ҳам LCD экран учун жуда ҳам яхши эканлиги аниқланди. 

Realme 2 Pro ва Oppo F9'ларда нитлар миқдори бироз юқори бўлган бўлса-да, бу унчалик катта тафовут эмас. Redmi Note 7 смартфони дисплейи Realme 3 Pro'никидан ёруғлик борасида нисбатан ортда қолади, Honor 8Х ҳам бу борада Realme олдида ип эшолмайди. vivo V15 ҳам ёруғлик борасида бу смартфон билан беллаша олмас, аммо ундаги OLED дисплейи контрасти Realme'ни ортда қолдиради.

Аккумуляторнинг автоном ишлаш вақти

Realme 3 Pro'га 4,045 мА/с лик аккумулятор ўрнатилган. Бу билан девайс 4,000 мА/с аккумулятор сиғимига эга Redmi Note 7 ҳамда 3,700 мА/с лик Honor 8Х ва vivo v15 самртфонларини устунлик қилади.

Realme аккумулятори видео билан синалганда қувват тўлиқ 15 соатга, Wi-Fi орқали интернетдан фойдаланилганда 14 соатга етган. 3G овозли қўнғироқларда 30 соат давомида қувватлашга эҳтиёж сезилмаган. Статик ҳолатда эса 92 соатгача қувват тугамаган. viSer иловаси воситасида олиб борилган автоматлаштирлган бу синовлар натижасини юқори баҳолаш мумкин. 

Таққослаш учун, Redmi Note 7 дастлабки ҳар икки синовда 14 соат “чидаш берган“ бўлса, овозли қўнғироқларда аккумулятор қуввати 32 соатдан кўпроққа етган. vivo v15 эса видео синовда 15 соатлик, интернетда 11 соат 22 дақиқалик, овозли қўнғироқларда 28 соатлик натижа кўрсатган. Honor 8Х'да эса мос равишда 12:13 соат, 11:24 соат ва 32+ соат натижа қайд қилинган. 

Realme 3 Pro'нинг энг устун жиҳатларидан бири унда VOOC қувватлаш технологияси мавжудлигидир. Бу билан 0% қувватли аккумуляторни 1 соат 15 дақиқада тўлиқ қувватлаш мумкин.

Карнай

Realme 3 Pro'нинг пастки қисмида битта карнай бўлиб, флагман бўлмаган смартфонлар учун бу типик ҳолдир. 3 Pro карнайи синовларда ўзини жуда яхши “намойиш қил“иб, “Аъло“ баҳоланди. Карнай Realme 2 Pro'никидан бироз, Realme 3'никидан анча баланд овоз чиқара олади. Юқори баландликка қўйилганда, ҳеч қандай камчиликлар ҳам сезилмади.

Овоз сифати

Аввалига, Realme 3 Pro аудио синовда жуда ҳам яхши натижа кўрсатди. Лекин қулоқчинлар уланганда, овоз сифати анча пасайди. Аудио баландлиги ўртачадан ҳам тушиб кетди. Бундан ташқари, стерео ва интермодуклация бузилишларида ҳам ўсиш кузатилди. Бу унчалик ҳам ёмон бўлмаса-да, қулочинларсиз олинган натижадек яхши эмас.

Синтетик тестлар

Realme 3 Pro'га Snapdragon 710 чипи ўрнатилган бўлиб, бу процессор Qualcomm 800 серияларидан кейинги энг кучли процессорлардан биридир. 

Юқорида ҳам келтириб ўтилганидек, Realme 3 Pro'нинг 4ГБ/64БГ, 6БГ/64БГ ва 6ГБ/128ГБ версийлари мавжуд. Қуйидаги синовлар қурилманинг 6ГБ/128ГБ'лик версиясида ўтказилган. 

Кутганимиздек, Realme 3 Pro'нинг GeekBench якка ядроли синовидаги балли мақтовга сазовор эмас. Бир хил процессорли Oppo РХ17 Proв ва Xiaomi Mi 8 SE'ларнинг натижалари ҳам Realme 3 Pro'никидан юқорироқдир. Қаҳрамонимизнинг кўрсаткичлари (Helio P60 процессорли) Realme 3 ва (Snapdragon 660 процессорли) Realme 2 Pro'ларникидан эса бироз тафовутли, холос.

Умумий ядроли синовда эса рақамлар биз кутгандек чиқди ва RХ17/Mi 8 SE'ларникига яқин. Honor 8Х ва Redmi Note 7'ларнинг баллидан эса бир қадар юқори. Galaxy M20 эса рўйхатнинг охиридан жой олган. 

Айни дамда, vivo v15 Pro'нинг Kyro 460 чипларидан иборат Snapdragon 675 процессори якка ва умумий ядроли синовларда пешқадам бўлди.

Энди AnTuTu натижаларига ўтсак. Realme 3 Pro бу ерда ҳам Honor 8Х ва Redmi Note 7'ларни ортда қолдирган. Samsung'нинг M20'си яна энг сўнгги поғонада. График процессори (GPU) синовларида эса Realme 3 Pro ўз кучини кўрсатди.

Умуман олганда, GPU синовларида Realme 3 Pro яхши натижа кўрсатди, лекин CPU (бош процессор) якка ядроли синовларда эса нисбатан паст баҳоланди. CPU'си кучлилиги борасида Redmi Note 7 ва vivo V15 Pro'лар олдида ип эшолмаса-да, Realme'нинг GPU'си анча кучли. Бу эса ўйинлар ўйнаётганда, айнқиса, қўл келади.

ЎҚИНГ: AnTuTu смартфонларнинг ўртача самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ТОП-ўнлигини эълон қилди (2019 йил июль)

Камера

Realme 3 Pro 16МП лик асосий камера ва 5МП лик иккинчи сатҳ камераси билан жиҳозланган. Асосий камера сифатида компаниядагилар Sony IMX159 (1.22µм пикселли Type 1/2.6“) сенсорини танлашган. Худди шу датчик OnePlus 6T'да ҳам ўрнатилган. Объектив апертураси f/1.7. Realme 3 Pro'да (6T'да мавжуд бўлган) оптик тасвир стабилизацияси (OIS) мавжуд эмас. Сатҳ камераси характериктикаси муҳим эмас, шу сабабдан ҳам Realme'дагилар бу ҳақда ма'лумот беришмаган.

Камера иловаси манзарани танишда сунъий онгдан фойдаланади. Тасвирга олинаётган объект тури анқиланганда, экранда кичик иконка ҳосил бўлади. Овқат, қор, уй ҳайвонлари, қуёш ботиши, майса ва бошқалар энг тўғри анқиланувчи объект/манзаралар қаторидан ўрин олади. 

Камерада учта асосий: Фото, Портрет ва Видео режимлари мавжуд. Янги қўшилган Chroma Boost тугмаси HDR ва чироқ параметрлари билан бирга жойлашган. Chroma Boost HDR'нинг такомиллаштирилган режими саналади ва тасвирни янада яхшироқ олишга хизмат қилади. 

Қўшимча менюлар сатрида яна Expert, Pano, Time-lapse, Slow-mo ва Nightscape режимлари мавжуд.

Тасвир сифати

Realme 3 Pro билан жуда ҳам тиниқ суратлар ҳосил қилиш мумкин. Олинган тасвир деталларга бой ва хира эмас. Булутли кунда ҳам сифатли расмлар олиш мумкин.

Тунда ҳам Realme 3 Pro тиниқ тасвирлар ҳосил қила олди. Паст ёруғликда олинган тасвирлар ҳам деталларга тўла, экспозиция яхши ушланган, сатурация ҳам йўқолмаган. Умуман олганда, Realme 3 Pro билан олинган тасвирлага “like“ босиш мумкин.

Видео ёзиш

Realme 3 Pro сониясига 30 кадр (30fps) тезликда 4K тиниқликдаги видеолар ёзиш имконига эга. Шунингдек, 1080p тиниқликдаги видеоларни 30 ёки 60 кадр/с тезликда ёзиб олиш мумкин. 

4K видеолар 50 Мбит/с тезликда кодланаса, h.264 кодекли 30 кадр/с 1080p видеолар 20 Мбит/с да ёзилади. Бироқ овоз узатиш тезлиги 96 кбит/с эканлиги бироз ғалати (аммо овоз шунда ҳам стерео форматда эканлиги яхши). 

4K видеоёзувнинг сифати аъло, худди флагманларда олингандек. Ранглар тўғри танланган, экспозиция ҳам тўғри, динамик диапозон ҳам чакки эмас.

1080p/30fps резолюцияли видеолар ҳам ёмон эмас. 1080p/60fps видеолар ҳам 30 fps видеоёзувлар билан бир хил сифатли; тасвир ёзиш тезлиги 30 кадр/с видеолар билан бир хил (20 Мбит/с) эканлиги эса жуда ҳам ажойиб “совға“дир.

4K видео стабилизацияси эса, афсуски, қониқарли эмас.

Хулоса

Афзалликлари:

  • Эътиборни тортувчи ранглар гаммаси оддий дизайнни безаган. 
  • Аккумуляторнинг автоном ишлаш вақти ушбу тоифа ичида энг яхшиси, VOOC тезкор қувватлаш ҳам ажойиб. 
  • Қурилма нархига нисбатан яхши дисплей — ўткир, етарли даражада ёруғ ва юқори контрастли, рангларни ҳам тўғри кўрсата олади. 
  • CPU ва GPU синовларида ўз тоифасида юқори натижа.
  • Яхши ва паст ёритилган жойда ҳам юқори тасвир сифати, ажойиб портрет ва селфи.

Камчиликлари:

  • microUSB порт.
  • Видео стабилизациясининг талаб даражасида эмаслиги.

ЎҚИНГ: Клавиатуранинг сиз билмаган элементар жиҳати

 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!