Realme 7 ва Realme 7 Pro тақдим этилди: ҳамёнбоп нархда ўйинбоп смартфонлар! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2151
  •  04.09.2020 12:43

Realme 7 ва Realme 7 Pro тақдим этилди: ҳамёнбоп нархда ўйинбоп смартфонлар! (+видео)

Oppo корпорациясининг арзончи суббренди 1 сентябрь куни ўрта нарх тоифасидаги Realme X7 ҳамда Realme X7 Pro смартфонларини чиқарганидан хабарингиз бор. Булардан ташқари, Realme жаҳондаги энг арзон 5G-смартфонни ҳам намойиш этган!

ЎҚИНГ: Realme V3 тақдим этилди – дунёдаги энг арзон 5G-смартфон!

Энди эса мазкур компания яна иккита – Realme 7 ҳамда Realme 7 Pro смартфонларининг расмий намойишини ўтказди. Уларнинг техник хусусиятлари кучли, дизайни кўркам бўлса-да, нархлари ҳамёнбоп.

Realme 7 – ўйинбоп Helio G95 чипли илк смартфон

Стандарт талқиндаги Realme 7 модели MediaTek компанияси ўйин смартфонларига мослаб яқиндагина тақдим этган Helio G95 процессори базасида ишлайди.

Realme 7 ўлчами диагоналига 6,5 дюймлик, тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматли IPS-экранга эга. Кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик бўлган дисплей юзасига Gorilla Glass ҳимоя шишаси ётқизилган.

Смартфоннинг тезкор ва доимий хотираси сифатида тегишлича LPDDR4x ҳамда UFS 2.1 стандартларидаги чиплар танланган; унинг корпусида яна microSD слоти ҳам мавжуд. Компания бу гаджетини Android 10 операцион тизими устига қурилган Realme UI график қобиғи билан чиқарган.

Realme 7 аккумуляторининг ток сиғими 5000 мА/соатлик бўлиб, у 30 ваттлик тезкор қувватлана олади. Смартфон эгасининг шахсий маълумотларини ҳимоялаш учун унинг корпуси ўнг қиррасида дактилоскопик сканер мавжуд.

Realme 7 Pro – деярли ярим соатда тўлиқ қувватланувчи геймерофон

Янги жуфтликнинг кучлироғи – Realme 7 Pro модели ўйинбоп Snapdragon 720G процессори базасида ишланган. Унинг қолган ички хусусиятлари стандарт Realme 7 смартфонидаги билан бир хил.

Қизиғи, Pro-версиянинг экрани шеригиникидан кичикроқ – диагоналига 6,4 дюймлик ўлчамга эга. Бироқ унда AMOLED-матрица қўлланган ва дисплей смартфон олд юзасининг кўпроқ қисмини эгаллаган. Экранда кадр янгиланиш частотаси ўша-ўша – 120 герцлик, лекин смартфон созламалари орқали уни 60 герцгача тушириш мумкин (Realme 7 моделида эса пастки чегара – 90 Гц).

 

Бундан ташқари, Realme 7 Pro батареясининг ток сиғими ҳам камроқ – 4500 мА/соатлик, аммо у нақ 65 ваттлик тезкор қувватлаш технологиясига эга! Бу эса смартфонни атиги 34 дақиқада нолдан бошлаб 100% зарядлашга имкон беради. Шунингдек, Pro-версияда замонавий – экраности бармоқ изи датчиги қўлланган.

Камераси ва нархларига назар

Realme 7 моделида ҳам, унинг Pro-версиясида ҳам бир хил камералар қўлланган, фақат бош камераларида модуллар жойлашуви фарқли. Уларда асосий датчик сифатида 64 мегапикселлик Sony IMX682 сенсори танланган. Иккинчи – 8 мегапикселлик камерага кенг бурчакли объектив ўрнатилган. Шунингдек, бош камера жамланмасига яна ҳар бири 2 мегапикселлик аниқликдаги оқ-қора портрет камераси ҳамда макрокамера ҳам кирган.

Ҳар иккала смартфонда ҳам селфи учун экраннинг юқори чап бурчагидаги тирқишга 16 мегапикселлик Sony IMX471 датчиги ўрнатилган.

Қуйида эса Realme 7 ва Realme 7 Pro моделларига бағишлаб тайёрланган расмий видеолавҳани томоша қиламиз:

Энг муҳими – нархларига келадиган бўлсак, смартфонлар тезкор/доимий хотира ҳажмига кўра қуйидагича баҳоланган:

Realme 7 модели, 6/64 ГБлик – $204

Realme 7 модели, 6/128 ГБлик – $231

Realme 7 Pro модели 6/128 ГБлик – $273

Realme 7 Pro модели 8/128 ГБлик – $299

Компания бу иккала смартфонини 10 сентябрдан Ҳиндистонда сота бошлайди, кейинроқ улар бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам чиқиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг зўр смартфон (AnTuTu рейтинги, 2020 йил август)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!