Realme C15 чиқди – квадрокамерали ва батареяси 6000 мА/соатлик арзон смартфон!

  •   DiMaX
  •  3042
  •  28.07.2020 14:48

Realme C15 чиқди – квадрокамерали ва батареяси 6000 мА/соатлик арзон смартфон!

 Samsung арзон смартфонлар туркумидаги Galaxy M21, Galaxy M30s ҳамда Galaxy M31 моделларини нақ 6000 мА/соатлик аккумулятор билан жиҳозлаган. Энди навбатдаги – Galaxy M31s телефони ҳам шундай «бели бақувват» бўляпти.

ЎҚИНГ: «Samsung, четроқ сурил, Xiaomi, сен нарироққа ўт!» – Realme ҳам «бели бақувват» арзон смартфон чиқаряпти

Энди эса Oppo компаниясига қарашли Realme суббренди ҳам худди шундай аккумуляторга эга смартфонини тақдим этди. Realme C15 деб номланган ушбу қурилманинг 6000 мА/соатлик батареяси 18 ваттлик тезкор қувватлана олади, лекин энг янги турдаги эмас, балки microUSB порти орқали.

Янги девайснинг ташқи кўриниши Realme C11 моделига ўхшаш; у эса ўтган ойнинг охирида, Xiaomi компаниясининг Redmi 9C смартфони рақиби сифатида намойиш қилинган эди. Realme C15 ҳам худди уникидек пластик корпусга, томчисимон дисплейга ва квадрат блокдаги камерага эга.

Oppo бу смартфонига IPS-матрицали, ўлчами диагоналига 6,5 дюймлик экран қўйган. Дисплей аниқлиги HD+ форматида, юзасига Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси ётқизилган.

ЎҚИНГ: Смартфонлар энди синмайдиган бўлади! (+видео)

Realme C15 моделида 12 нанометрлик MediaTek Helio G35 процессори қўлланган. Смартфоннинг тезкор хотираси 3/4 гигабайтлик бўлса, доимийси 64/128 гигабайт ҳажмга эга. Бош камера тўртта – 13 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик сенсорларни ўз ичига олади. Унда Super NightScape режими, HDR қўллаб-қувватлови бор, 1080p 30fps аниқлигида видео суратга ола билади.

Бу гаджет корпусида қулоқчин учун стандарт 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳамда хотира картаси слоти, орқа панелида бармоқ изи сканери ҳам бор. Симсиз интерфейслардан эса Bluetooth 5.0, GPS, Wi-Fi 802.11 b/g/n кабиларни асанаб ўтиш мумкин.

Realme C15 смартфони Android 10 операцион тизими устига қурилган Realme UI график интерфейси билан чиқарилган. Индонезияда уни 29 август куни, 137 АҚШ долларига тенг нархда сотила бошлайди.

ЎҚИНГ: Атиги 130 долларга батареяси нақ 8000 мА/соатлик, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқди! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!