Realme илк смарт-соатини чиқарди: нарх ва жиҳатлари

  •   DiMaX
  •  478
  •  25.05.2020 13:51

Realme илк смарт-соатини чиқарди: нарх ва жиҳатлари

Oppo корпорациясининг RealMe бренди бирданига саккизта девайс тақдим этаётгани ҳақида ёзгандик. Шулардан бири – Realme Watch русумли ақлли соат нархига нисбатан имкониятлари кенг бўлиб чиқди.

ЎҚИНГ: Realme энг кутилаётган – «Тиғ узра югурувчи» смартфонининг айрим хусусиятларини ошкор этди

Realme Watch квадрат шаклдаги, диагоналига 1,4 дюймлик экранга эга. Тасвир аниқлиги 320х320 пикселлик, зичлиги эса ҳар бир дюймга 323 пикселдан тўғри келади. Соатни бошқариш учун корпуснинг ўнг томонида моддий тугмачаси ўрнатилган.

Мазкур смартвотч узлуксиз тарзда (24/7 режимида) юрак уришлари частотасини кузатиб боришга, яна қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини аниқлашга қодир. Realme Watch нақ 14 хилдаги жисмоний машқларни аниқлай олади.

Ушбу аксессуар смартфон билан Bluetooth 5.0 модули орқали боғланиб, сана ва вақтни, об-ҳаво прогнозини, иловалар билдиришномаларини, қўнғироқлар ва хабарлар ҳақидаги маълумотларни кўрсатади. Realme Watch ёрдамида смартфонингиздаги мусиқа плеерини бошқаришингиз, камера затворини ишга туширишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Тонометрнинг кераги йўқ – қон босимингизни смарт-соат кузатиб боради! (+видео)

Ўзи арзон бўлса-да, Realme Watch корпуси IP68 стандартига кўра чанг ва намдан ҳимояланган. Унинг учун юздан ортиқ интерфейс мавзулари ишлаб чиқилган бўлиб, фойдаланувчи смарт-соатни тўлиқ ўз кўнглига мослаштира олади.

Нархига келсак, Realme Watch шу йилнинг 5 июнидан, 52 долларга тенг нархда Ҳиндистонда сотувга чиқди. Шунингдек, унинг алмаштириб тақиладиган тасмачаларини ҳам алоҳида, 6,5 доллардан олиш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Xiaomi қуввати 30 кунга етувчи, ҳимояланган смарт-соат тақдим этди

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.