Realme ўйинбоп, атиги 116 доллардан бошланувчи Narzo 20, Narzo 20A ва Narzo 20 Pro смартфонларини чиқарди

  •   DiMaX
  •  1353
  •  22.09.2020 12:52

Realme ўйинбоп, атиги 116 доллардан бошланувчи Narzo 20, Narzo 20A ва Narzo 20 Pro смартфонларини чиқарди

Oppo компаниясининг арзончи суббренди куни кечагина Realme C17 русумли смартфонини намойиш этган эди. Энди эса у Ҳиндистондаги тадбирида Narzo 20, Narzo 20A ҳамда Narzo 20 Pro русумли геймерофонларини тақдим қилди.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп Realme 7i тақдим этилди: 90Hz экран, 8GB «оперативка», Qualcomm чипи (+анбоксинг видеоси)

Учликнинг энг кучлиси – Narzo 20 Pro модели 6.5 дюймлик IPS-дисплейга эга. Экраннинг янгиланиш частотаси 90 герцга тенг ва у FHD+ форматида тасвир узата олади. Мазкур смартфон MediaTek Helio G95 процессори базасида ишлайди. Realme уни 6/8 гигабайтлик тезкор ва 64/128 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантларда таклиф этилади.

Narzo 20 Pro смартфони 48 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик квадрокамера билан таъминланган. Экранининг бурчагидаги тирқишга 16 мегапикселлик селфи-камера, корпуснинг ўнг қиррасига эса дактилоскоп жойлаштирилган. Қурилманинг аккумулятори 4500 мА/соатлик ток сиғимига эга бўлиб, USB-C порти орқали 65 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади.

Ушбу смартфоннинг барча хусусиятлари батафсил танишиш учун мазкур ҳавола орқали компаниянинг расмий (инглиз тилидаги) сайтига ўтишингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Realme 7 ҳам «аждод»ининг рекордини янгилади!

Стандарт модел – Narzo 20 самарадорлигига MediaTek Helio G85 процессори масъул. Компания уни 64 ва 128 гигабайтлик доимий хотирага эга вариантларда таклиф этади; ҳар иккала ҳолатда ҳам тезкор хотира ҳажми 4 гигабайтлик.

Мазкур моделдаги 6000 мА/соатлик батарея 18 ваттлик асосда тезкор қувватланади. Компания уни 48 + 8 + 2 мегапикселлик квадрокамера ва 8 МПлик селфи-камера билан жиҳозлаган. Унинг барча техник хусусиятлари билан (инглиз тилида) танишиш учун ушбу ҳавола орқали ўтасиз.

Realme Narzo 20 ҳамда Narzo 20A смартфонлари ҳам 6.5 дюймлик IPS-дисплейга эга, лекин буларда экран HD+ форматида ва янгиланиш частотаси ҳам пастроқ – 60 герцлик. Ҳар иккаласининг умумий жиҳатларидан яна бармоқ изи сканери орқа панелда жойлашгани, экрани томчисимон кемтикли ва бош камераси учталик эканини санаб ўтиш мумкин.

ЎҚИНГ: Атиги 100 долларлик шу янги смартфоннинг дактилоскопи қаерида, деб ўйлайсиз?

Учталикнинг «кенжа»си – Narzo 20A смартфонига Snapdragon 665 чипсети ўрнатилган. Уни тезкор хотираси 3/4, ички хотираси эса 32/64 гигабайтлик вариантларда ишлаб чиқаришмоқда.

Narzo 20A бош камераси ҳам учта (12 + 2 + 2 МПлик) сенсордан иборат, дисплей кемтигига 8 мегапикселлик селфи-камера ўрнатилган. Унинг аккумулятори ҳам 18 ваттлик тезкор қувватлана олади, лекин ток сиғими 5000 мА/соатлик. Бу смартфоннинг тўлиқ хусусиятлари мана бу (инглиз тилидаги) саҳифада акс эттирилган.

Narzo 20 туркумидаги учала смартфон ҳам Android 11 операцион тизим талқини базасидаги, яп-янги Realme UI 2.0 график қобиғи билан тақдим этилган. Уларда контактсиз тўловлар учун NFC модули мавжудлиги ҳақида расмий сайтда маълумот йўқ.

Нархларига келсак, компания уларни қуйидагича баҳолаган:

Realme Narzo 20A:

3/32 ГБ — $116

4/64 ГБ — $129

Realme Narzo 20

4/64 ГБ — $143

4/128 ГБ — $156

Realme Narzo 20 Pro

6/128 ГБ — $204

8/128 — $232

Ҳар учала смартфон ҳам шу ойдаёқ Ҳиндистонда сотувга чиқяпти: Narzo 20 Pro смартфони – 25 сентябрда, Narzo 20 модели – 28 сентябрда, Narzo 20A эса – 30 сентябрда. Уларнинг бошқа мамлакатлар бозорларига етказиб берилиши борасида ҳозирча маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Realme V3 тақдим этилди – дунёдаги энг арзон 5G-смартфон!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!