Realme V3 тақдим этилди – дунёдаги энг арзон 5G-смартфон!

  •   DiMaX
  •  2013
  •  03.09.2020 12:54

Realme V3 тақдим этилди – дунёдаги энг арзон 5G-смартфон!

Oppo корпорациясининг арзончи суббренди 1 сентябрь куни ўрта нарх тоифасидаги Realme X7 ҳамда Realme X7 Pro смартфонларини чиқарганидан хабарингиз бор. Булардан ташқари, Realme жаҳондаги энг арзон 5G-смартфонни ҳам намойиш этган!

ЎҚИНГ: Samsung энг арзон 5G-смартфони – Galaxy A42 5G моделини намойиш этди!

Realme V3 русумли ушбу қурилма бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватловчи MediaTek Dimensity 720 платформаси базасида ишланган. Гарчи ўзи арзон бўлса-да, мазкур смартфон 6/8 гигабайт ҳажмли LPDDR4x стандартидаги тезкор хотира, шунингдек, 64/128 ГБ ҳажмли UFS 2.1 тоифали доимий хотира чиплари билан таъминланган.

Қурилманинг яна бир ўзига хослиги – унинг «бели бақувват», яъни аккумулятори 5000 мА/соатлик бўлиб, 18 ваттлик тезкор зарядлашни қўллаб-қувватлайди.

Мазкур смартфонда IPS-матрицали, томонлари ўзаро 20:9 нисбатли экран қўлланган. Диагоналига 6,5 дюймлик дисплейда тасвир аниқлиги 1600х720 пикселга тенг; унинг томчисимон кемтигига 8 мегапикселлик олд камера жойланган.

Realme V3’нинг орқа қопқоғида бармоқ изи сканери, шунингдек, квадрат блокда бош камеранинг 13, 2 ва 2 мегапикселлик датчиклари ва фоточақноғи ўрин олган. Унинг ўзига хосликларидан бири – сониясига 60 кадр частотасида Full HD форматли видео ёзиб олишга қодир.

ЎҚИНГ: Интернетда видео кўрганда қанча мегабайтингиз сарфланишини биласизми?

Oppo Realme V3 смартфонининг тўлиқ техник хусусиятлари қуйидагича:

Дисплей: 6,5'', 1600x720 пикселлик

Процессор: MediaTek Dimensity 720

Тезкор хотира: 6/8 ГБ, LPDDR4x

Ички хотира: 64/128 ГБ, UFS 2.1

Бош камера: 13 МП (f/2.2) + 2 МП (макро, 40 мм.дан) + 2 МП (чуқурлик датчиги)

Олд камера: 8 МП

Аккумулятор: 5000 мА/соатлик, 18 Вт

Алоқа: 5G, Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth 5.0, GPS, ГЛОНАСС

Операцион тизим: Android 10 + Realme UI

Ўлчами: 164,4 х 76 х 8,6 мм

Вазни: 189,5 грамм

Компания Realme V3 моделини кўк ва оқ тусли корпусларда, 9 сентябрдан сота бошлайди. Уни тезкор/доимий хотира ҳажмига кўра уч хил вариантда таклиф этишади ва нархлари қуйидагича: 6/64 ГБлиги – 146 доллар, 6/128 ГБлиги – 205 доллар ва 8/128 ГБлиги – 237 доллар.

Айтиш керакки, айни дамда Realme V3 дунёда энг арзон 5G-смартфон бўлиб турибди, энди эса юриш навбати Redmi брендида!

ЎҚИНГ: Атиги 128 долларга уч камерали, 6000mAh батареяли ва ўйинбоп процессорли смартфон чиқди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!