Realme янги туркумдаги арзон смартфонлар тақдимотини бекор қилди

  •   DiMaX
  •  291
  •  25.03.2020 16:11

Realme янги туркумдаги арзон смартфонлар тақдимотини бекор қилди

Яқиндагина биз Oppo корпорацияга қарашли Realme компанияси янги – Narzo туркумида смартфонлар тайёрлагани ҳақида ёзган эдик. Кейинроқ эса уларнинг номи ва тақдимот куни ҳам расман эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Бир йилда 500 фоизга ўсган рекордчи бренд биринчи бўлиб 4G-смартфонлардан воз кечади!

Расмий эълонга кўра, Narzo 10 ҳамда Narzo 10A смартфонларининг тақдимоти 26 март куни Ҳиндистонда ўтказилиши керак эди. Аммо бугун – 26 март куни Realme бренди етакчиси Мадҳав Шет (Madhav Sheth) ушбу тадбирнинг кечиктирилганлигини эълон қилди.

Гап шундаки, коронавирус пандемияси туфайли «Филлар ўлкаси»да кеча – 24 мартдан карантин эълон қилинган. Шу боисдан Realme раҳбарияти яқин орадаги барча тадбирларни, шу жумладан Narzo смартфонлари тақдимотини ҳам кейинроққа қолдиришга қарор қилган. Энди уларнинг қачон намойиш этилиши ҳам номаълум.

Миш-мишларга кўра, Narzo 10 модели Poco X2 (ёки Pocophone X2) девайсига рақобатчи бўлади. Умуман олганда, Realme компанияси Narzo сериясидаги смартфонлари ёрдамида Xiaomi корпорациясининг Redmi ҳамда Poco (POCOPHONE) каби арзончи брендларига қарши рақобатни кучайтиришни кўзлаган. Ушбу кутилаётган қурилмалар учун 200 доллар атрофидаги нарх белгиланиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: 180 долларга «бели бақувват», 48 МП камерали «тўрткўз» смартфон чиқди!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.