Realme'дан супер смартфон! GT5 билан танишинг!

Realme'дан супер смартфон! GT5 билан танишинг!

Ўз ватани, Хитойга келганда Realme ва бошқа Android смартфон ишлаб чиқарувчи компанияларни тўхтатиб бўлмайди. Улар йилдан йилга ўзларининг рекордларини ўзлари янгилашмоқда. Гапни чўзиб ўтирмай сизларни Realme GT5 флагмани билан таништирсак.

Жорий йилнинг феврал ойи бошида ўзининг GT Neo 5 смартфонини 240 Вт тезликда қувватланиш хусусияти билан тақдим қилганидан сўнг, бугунги кунга келиб, Realme унинг янада кучайтирилган янги версиясини тақдим қилди. Бу Realme GT5 флагмани бўлиб, у ҳам 240 Вт қувватланиш технологиясига эга лекин бу ҳаммаси эмас. Қурилма 24 GB оператив ва 1 TB доимий хотирага ҳам эга. Батарея эса 4600 мА/с ва сизга уни 0% дан 20% гача кўтариш учун 80 сония кифоя бўлади!

Албатта, Realme GT5 энг сўнгги русумдаги Qualcomm чипсети Snapdragon 8 Gen 2 билан жиҳозланган ва у ёлғиз эмас. Унга Adreno график картаси ва қўшимча ўрнатилган Х7 дисплей чипсети ўйинларда fps'ни кучайтиришда ёрдам беради.

Смартфон экрани 6.74 дюйм ўлчамда ва у 1240×2772 пиксел резолюциясида 144 герц тезликда янгиланадиган AMOLED дисплейдан ташкил топган. Максимал ёрқинлиги 1400 нит.

Ёрқинлик бошқарилиши эса 2160 герц (PWM dimming – бу нима ва нима учун муҳимлигини билиш учун ушбу видеони кўринг). Ушбу экраннинг юқори марказида селфилар учун 16 MP камера жойлашган.

Камералар ҳақида гап кетганда шуни айтиш керакки, улар учта ва уларнинг асосий Sony'нинг 50 мегапикселли IМХ980 сенсори (1/1.56 дюйм) бўлиб, ушбу 24 мм линза f/1.9 диафрагма, ҳамда тасвирни оптик барқарорлартириш хусусиятига эга. Унга 8 MP ултра-кенг (112°) ва 2 MP макро камералар ҳамроҳлик қилади.

Камералар ёнида тўғри тўртбурчак шаклидаги чироқларни ва уларнинг ичида Snapdragon логотипини кўришингиз мумкин. Ушбу LED'лар энди 26 хил рангга кира олади ва уларнинг ёруғлигини 5 даражада бошқара оласиз.

Алоқа ва уланиш борасида ҳам смартфон қойилмақом даражада. Унда 5G (иккала SIM-картада ҳам) ва Wi-Fi 7 қўллаб-қувватланади. Bluetooth уланиши ҳам энг сўнгги, 5.3 версияда.

Қўшимчасига смартфон 9 қаватли иссиқликни тарқатиш структураси ва 20,827 мм² совутиш майдонига эга. Телефон Hi-Res Audio ва Dolby билан сертфикатланган Dolby Atmos стерео динамиклар билан таъминланган. Бармоқ изини аниқловчи сканер экран остида жойлашган. Қолаверса, инфрақизил нур узатувчи ва NFC ҳам мавжуд.

Қизиғи шундаки мана шундай энг юқори техник хусусиятлар билан ҳам Realme GT5 энг сўнгги моделдаги iPhone 14 Pro Max'дан икки баравар арзон – атиги 3800 юан (521 доллар атрофида ёки 6 миллион 300 минг сўмга яқин). Ҳатто энг бошланғич модел, iPhone 14'нинг нархи 799 доллардан бошланади.

Realme GT5, шунингдек, 5240 мА/с батарея билан 150 Вт зарядланиш тезлигида (7 дақиқада 50%) ҳам таклиф этилади. Фақат ушбу моделнинг хотира конфигурациялари 12/256 GB ёки 16/512 GB бўлади. Ушбу вариантлар нархлари 3000 ёки 3300 юан (салкам 5 миллион ёки 5.5 миллион сўм дегани). Қайси модел бўлса ҳам сиз уларни кулранг (жилоли) ёки яшил (жилосиз) рангларда топишингиз мумкин.

Смартфонлар Хитойда олдиндан буюртма олиш бошлаб юборилган. Маълум бўлишича, улар тақдим қилиниши биланоқ 2 соат ичида 30 мингдан ортиқ буюртмалар келиб тушган. Сотувлар Хитойда 4 сентабрдан бошланиши кутилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!