Realme'нинг "динамик орол"ли смартфони қачон чиқарилади?

Realme'нинг

Realme компанияси тез орада ўзининг янги смартфонини Apple'нинг "динамик орол"ига ўхшаш функция, "мини капсула" билан тақдим қилишга тайёрланмоқда. Бу Realme C55 модели бўлиб, компания расман уни 7 март куни тақдим қилишни режалаштирган. Гарчи Realme C55 ҳали тақдим қилинмаган бўлса ҳам, Индонезиядаги Realme веб-сайтида аллақачон унинг реклама саҳифаси пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, смартфон MediaTek'нинг Helio G88 чипсетида Android 13 га асосланган Realme UI 4.0 операцион тизимида ишлайди. У икки хил: 6/128 GB ва 8/256 GB хотира конфигурацияларида чиқарилади. Смартфон оператив хотираси қанча бўлса уни шунча виртуал хотирага кўпайтириш мумкин, 6 бўлса 6 GB, 8 бўлса 8 GB. Бундан ташқари доимий хотирани 1 TB гача кўпайтириш учун microSD карта уяси ҳам мавжуд. Қурилма 5000 мА/соат батареяга эга ва у 33 Вт тезликда қувватланади. 

Realme C55 экран ўлчами 6.72 дюйм бўлиб, у FHD+ резолюция, 90 герц янгиланиш тезлигига эга ва 680 нит максимал ёруғликка чиқа олади. Экран юқори марказидаги юмалоқ тешикда 8 мегапикселли селфи камера жойлашган. Смартфоннинг ўзига хос хусусияти ҳам шу ерда: юмалоқ тирқиш "мини капсула" билан бирга ишлайди.

Бу Apple'нинг динамик ороли аналоги бўлиб, у ерда сиз билдиришномалар, смартфон қувватланиши ҳолати, интернет трафиги сарфланиши ва бошқалар ҳақида маълумот олиб туришингиз мумкин бўлади.

Орқа томонда эса иккилик камералар иккита алоҳида юмалоқ камера ороллари ичида жойлашган. Уларнинг асосийси 64 MP. Бўртиб чиққан камера оролларини ҳисобга олинмаса, смартфон қалинлиги 7.89 миллиметрни ташкил қилади.

Қўшимчасига смартфонда 3.5 миллиметрли наушник уяси, ён томонида бармоқ изини аниқлаш сканери, битта микрофон, битта колонка, битта динамик, ҳамда, NFC мавжуд.

Realme C55 смартфони Rainy Night ва Sunshower рангларида сотувга чиқарилади. Афсуски, ҳозирча унинг нархлари номаълум.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!