Redmi 6'даги муҳим жиҳатни Xiaomi рад этди

Redmi 6'даги муҳим жиҳатни Xiaomi рад этди

Xiaomi эртага ўзининг навбатдаги матбуот тадбирини ташкил қилади ҳамда унинг доирасида ҳамёнбоп Redmi 6 модели тақдим қилинади. Шунингдек. тадбирда маълум ва машҳур "Redmi" туркумига мансуб ушбу гаджетнинг янада содда "Redmi 6A" ҳамда такомиллашган "Plus" талқинлари намойиш қилинади.

Сўнгги кунларда инсайдерлар мазкур моделларнинг iPhone X'ники каби экран усти кесиғига эга бўлишини ёзишган эди. Бу борадаги фикр-мулоҳазалар, танқидлар қисқа фурсат ичида жуда "болалаб" кетди. Бунинг бош сабаби TENAA ресурсида эълон қилинган ва экранида кесиғи бор смартфон акс этган расмий сурат бўлди.

Бугун компания асосчиларидан бири, компания президенти Ли Бин ушбу муҳокамаларга нуқта қўйди. Натижада, Xiaomi Redmi 6 модели экрани устида кесиғи бўлмаслиги расман маълум қилинди.

Xiaomi топ-менежери ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида кутилаётган смартфоннинг тизер суратини эълон қилди. Аксарият мухлислар хоҳлаганликлари каби, суратдаги Redmi 6 дисплейининг устида кесиқ йўқ. Афтидан, бир муддат аввал Хитойда телекоммуникация маҳсулотларини рўйхатга олувчи расмий TENAA ресурсида рўйхатдан ўтказилган сурат Redmi 6A моделига тегишли экан. Унинг дисплейи устида таниқли кесиқ мавжуд.

Компания раҳбари эълон қилган суратга кўра, янги ҳамёнбоп девайснинг экранида кесиқ йўқ, экран атрофидаги ромлари "ультра юпқа" эмас. Бироқ бу экран чўзинчоқ ҳамда экран устидаги ва остидаги бўшлиқлар симметрик равишда ишланган.

Ҳозирча тақдимотгача бор. Инсайдерлар эса янги маълумотларни эълон қилишдан тўхтаганлари йўқ. Маълумотларга кўра, Xiaomi Redmi 6 модели янги Helio P22 чипида ишлаши мумкин. 8 та ҳисобчи ядрога эга бу девайснинг частота интервали 2,0 ГГц. Смартфоннинг қўш сенсорли бош камерага, Android 8.1 Oreo'нинг ўзлаштирилган MIUI 10 тизимига эга бўлиши кутилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.