Redmi 6 Pro тақдим этилди – Xiaomi’нинг «ўйиқ»ли экранга эга илк ҳамёнбоп смартфони!

  •   DiMaX
  •  7467
  •  25.06.2018 13:00

Redmi 6 Pro тақдим этилди – Xiaomi’нинг «ўйиқ»ли экранга эга илк ҳамёнбоп смартфони!

Xiaomi компаниясининг Redmi 6 Pro смартфони расман тақдим этилиб, у ҳақдаги маълумотлар компания сайтига ҳам жойланди. Мазкур модел ҳақида шу пайтгача миш-миш тарзида тарқалиб келган инсайдерлар маълумотлари ўз тасдиғини топди.

ЎҚИНГ: Xiaomi кўрсатмаган Redmi 6 Pro’нинг ёқиқ ҳолдаги суратлари кўп нарсани фош этди

Бир жиҳатни таъкидлаш ўринли – Xiaomi илк бор ўзининг ҳамёнбоп – Redmi туркумидаги смартфонга «кемтик»ли экран ўрнатди. Redmi 6 Pro дисплейининг ўлчами диагоналига 5,84 дюймни ташкил этади, тасвир аниқлиги эса 2280х1080 пикселга тенг.

Янги смартфоннинг ишлаш самарадорлигини Snapdragon 625 процессори ҳамда модификациясига кўра 3 ёки 4 гигабайтлик тезкор хотира таъминлаб беради. Қурилманинг доимий хотираси эса 32 ва 64 гигабайтлик талқинларда чиқарилмоқда. Redmi 6 Pro хотирасини MicroSD-карта ёрдамида яна 256 гигабайтгача ошириш имкони бор; қувонарли жиҳати – у иккита SIM-картадан бири ўрнига эмас, балки улар ёнидаги алоҳида уячага жойланади.

«Хитойча Apple» ушбу девайсининг орқа панелини купертиноликларнинг суперфлагмани дизайнида ишлаган, фақат бармоқ изи сканери билан фарқланади. Орқа қопқоқнинг юқори чап бурчагидаги қўшалоқ камера объективлари худди iPhone X моделидаги сингари тикка жойлашган, улар орасига чақноқ қўндирилган. «Сунъий идрок»ка эга бош камера модуллари 12 ва 5 мегапикселли бўлиб, у тунги режим ҳамда орқа фони хиралаштирилган портрет режимини қўллаб-қувватлайди.

Селфилар учун экран тепасига қўндирилган 5 мегапикселли камера эса фойдаланувчи юзини таниш функцияси билан бойитилган.

ЎҚИНГ: ЖОНЛИ ВИДЕО: MIUI 10 тизимли Redmi 6 Pro’ни тақдимотдан аввал қадоғидан олиб, ишлатиб кўрамиз!

Xiaomi Redmi 6 Pro корпусининг ўлчамлари 149,3,х71,7х8,75 миллиметрни, вазни эса 178 граммни ташкил этади. 4000 мА/соатлик аккумулятори уни ток билан таъминлаб туради.

Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, янги смартфон ҳам Redmi 5 Plus моделига ўхшаб кетишини англаш унча қийин эмас. Фарқи эса пикселлар сиғими зичроқ бўлган дисплейдаги «ўйиқ»да, шунингдек, камеранинг қўш модулида яққолроқ намоён бўлади.

Redmi 6 Pro смартфони қизил, пушти, тилларанг, мовий ва қора тусли корпусларда савдога чиқарилади. Xiaomi ўз анъаналарига содиқ қолган ҳолда, тезкор/доимий хотира ҳажмидан келиб чиқиб, Redmi 6 Pro смартфонига ҳамёнбоп нархлар белгилаган. Девайснинг 3/32 ГБ ҳажмли хотирага эга талқини 155 доллар, 4/32 гигабайтлиги 185 доллар, 4/64 гигабайтлиги эса 200 доллардан сотувга чиқарилади.

Ушбу смартфоннинг Хитойдаги савдоси 2018 йилнинг 26 июнидан бошланиши айтилаётир, Ўзбекистон бозорига етиб келиши билан хабар қиламиз. Xiaomi’нинг олдинги бир қатор моделларга мансуб смартфонлари эса аллақачон ўзимизда ҳам бир йиллик кафолат билан сотувга қўйилган.

ЎҚИНГ: 820 000 сўмдан бошланган Xiaomi смартфонлари нархлари (2018 йил 11 июнь) – Terashop.uz’даги харидингиз Ўзбекистон бўйича етказиб берилади!