Redmi 9 Power намойиш этилди: 149 долларлик «қувват монстри»!

  •   DiMaX
  •  2823
  •  17.12.2020 15:48

Redmi 9 Power намойиш этилди: 149 долларлик «қувват монстри»!

 Xiaomi корпорациясининг арзончи суббренди Redmi 9 Power русумли смартфон намойиш этиши ҳақида ёзган эдик. Ўшанда уни Хитойда тақдим этилган бошқа бир – Redmi Note 9 4G моделининг Ҳиндистон бозорига мўлжаллаб ренейминг қилинган клони, дейишаётган эди.

ЎҚИНГ: Янги йил олдидан Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонлари арзонлашди, совғалари ҳам бор!

Лекин ушбу смартфон Redmi Note 9 4G’нинг буткул нусхаси бўлмасдан, ундан фарқли жиҳатларга ҳам эга, тағин Poco M3 моделига ҳам яқинроқ экан. Redmi 9 Power пластик корпусда тақдим этилган бўлиб, тўрт хил рангда таклиф этилади. Redmi уни диагоналига 6.53 дюймлик IPS-дисплей билан жиҳозлаган. Тасвир аниқлиги FHD+ форматида бўлган экран корпус олд юзасининг 90.34% майдонини эгаллаган. Унинг томчисимон кемтигига 8 мегапикселлик олд камера ўрнатилган.

Redmi 9 Power бош камераси – унинг Redmi Note 9 4G ҳамда Poco M3 моделларидан фарқ қилувчи асосий жиҳатидир. Квадрокамеранинг бирламчи датчиги 48 мегапикселлик, иккинчиси – нариги иккита смартфонда қўлланмаган 8 МПлик кенг бурчакли модулдир. Яна ҳар бири 2 мегапикселлик чуқурлик сенсори ҳамда макромодул ҳам бор.

Янги смартфон 6000 мА/соатлик аккумулятор билан таъминланган, унга 18 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси жорий этилган. Redmi 9 Power тезкорлигига Snapdragon 662 процессори ҳамда 4 гигабайтлик тезкор хотира масъул.

Компания уни Ҳиндистонда 22 декабрдан сотувга чиқаради; смартфоннинг доимий хотираси 64 гигабайтлик варианти 149 доллар, 128 гигабайтлиги эса 164 доллар туради. Redmi 9 Power кейинроқ бошқа мамлакатлар бозорларига ҳам чиқиши мумкин.

ЎҚИНГ: Янги йил олдидан Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонлари арзонлашди, совғалари ҳам бор!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!