Redmi 9C билан рақобат: Realme ҳам атиги 100 долларлик смартфон намойиш қилди!

  •   DiMaX
  •  612
  •  30.06.2020 13:57

Redmi 9C билан рақобат: Realme ҳам атиги 100 долларлик смартфон намойиш қилди!

Xiaomi компанияси Малайзияда бугун Redmi 9A ҳамда Redmi 9C смартфонларини тақдим этди. Улар Redmi брендининг ушбу туркумдаги энг арзон моделлари сифатида майдонга тушди.

ЎҚИНГ: Барқарор MIUI 12 прошивкаси 13 та русумдаги Xiaomi ва Redmi смартфонларига кела бошлади

Oppo корпорацияси айнан «хитойча Apple»нинг Redmi бренди билан рақобатлашиш учун ташкил этган RealMe суббренди ҳам қараб турмади. Шу бугуннинг ўзидаёқ у ҳам Redmi 9C билан бир хил нархдаги Realme C11 моделини чиқарди.

Realme C11 корпуси поликарбонатдан ишланган бўлиб, ўлчами 164,4х75,9х9,1 миллиметрга, вазни 196 граммга тенг. Смартфонда диагоналига 6,5 дюймлик LCD-экран қўлланган, унинг тасвир аниқлиги HD+ форматида (720х1600 пикселлик). Қурилма олд юзасининг 88,7% қисмини дисплей банд этган.

Смартфоннинг аппарат таъминоти асосини айнан Redmi 9C моделида қўлланган Helio G35 процессори ташкил этади. Айтиш керакки, MedaTek шу ва Helio G25 (Redmi 9A моделида дебют қилган) чипсетининг намойишини бугун – 30 июнь куни ўтказган.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг кучли ўнта ҳамёнбоп смартфон (AnTuTu рейтинги, 2020 йил май)

Realme C11 смартфонининг тезкор/ички хотира ҳажми ҳам Xiaomi бугун намойиш қилган жуфтликники билан бир хил – 2/32 гигабайтлик; унда яна MicroSD форматидаги хотира картаси учун слот ҳам бор. Смартфон Android 10 операцион тизими асосида тайёрланган Realme UI график қобиғи билан чиқарилган.

Ток сиғими 5000 мА/соатга тенг бўлган Realme C11 аккумулятори 10 ваттлик технология бўйича тезкор қувват олади. Унинг селфи-камераси 5 мегапикселлик бўлса, бош камераси 13 ҳамда 2 мегапикселлик модуллардан иборат. Бу жиҳатидан Redmi 9C устун – унда 5 мегапикселлик учинчи датчик ҳам мавжуд. Шунингдек, Xiaomi смартфонида қўлланган дактилоскопик датчик ҳам Realme C11 моделида йўқ.

Realme C11 икки хил – Mint Green ҳамда Pepper Grey ранглардаги корпусларда таклиф этилади. Унинг илк харидорларига Realme Buds 2 қулоқчини ҳам қўшиб берилади.

ЎҚИНГ: Galaxy M01 намойиш этилиб, сотувга ҳам чиқди – Redmi ва Realme арзон смартфонларига Samsung жавоби! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.