Redmi буни уддалади: экраности дактилоскопга эга LCD-дисплейли илк смартфонни қарши олинг! (+видео)

  •   DiMaX
  •  2161
  •  09.03.2020 14:02

Redmi буни уддалади: экраности дактилоскопга эга LCD-дисплейли илк смартфонни қарши олинг! (+видео)

Vivo компанияси 2018 йили инқилобий технологияга – бармоқ изи сканери дисплейнинг остига жойланган илк смартфонни тақдим этган эди. Vivo Nex S русумли ушбу қурилма бошқа кўплаб жиҳатлари билан ҳам етакчи смартфонсозларнинг флагманларидан олдинлаб кетган.

ЎҚИНГ: Redmi, Huawei, OnePlus ва Vivo смартфонлари учун экраности бармоқ изи сканери ишлаб чиқараётган компания

Экраности дактилоскопларнинг бир жиҳати – улар фақат нисбатан қиммат бўлган OLED матрицали дисплейлар билангина ишлай олади. Бироқ Xiaomi корпорациясининг Redmi бренди имконсиз ҳисобланиб келган ишни уддалади – илк бор LCD-экранга бармоқ изи сканерини интеграция қилди!

Бу ҳақда Xiaomi вице-президенти ва Redmi бренди етакчиси Лу Вейбинг (Lu Weibing) бугун – 9 март куни ўзининг Weibo-саҳифасида хабар эълон қилди. Шунингдек, мазкур технологиянинг амалда ишлашини кўрсатувчи қисқа видеороликни ҳам улашган:

Янги технологиясини компания LCD-экран билан жиҳозланган Redmi Note 8 смартфонида ишлатиб кўрсатган. Унинг суюқ кристалли дисплейидаги дактилоскопик сенсори бармоқ изини жуда тез таниб олиб, тизимни қулфдан чиқарган.

Айтиш керакки, LCD-дисплейли смартфонларда дактилоскопик датчик шу пайтгача корпуснинг орқа ёки ён томонига, айримларида эса – экрандан пастдаги “Уйга” моддий тугмачасига жойлаб келинаётган эди. Энди эса Redmi тадқиқотчилар жамоаси бармоқ изи сенсорини экраннинг дисплейнинг ўзига жойлаш йўлини топди ва бу технология аллақачон ишлаб чиқариш жараёнига жорий этишга ҳам тайёр. Яъни, бундан кейин Xiaomi’нинг арзон смартфонларида ҳам юксак технология ютуғи жорий этилади!

ЎҚИНГ: 2020 йилнинг энг, энг, энг... смартфони намойиш қилинди: «жонли» расмлар ва видео!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!