Redmi «дамини олаверсин» – Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман чиқди!

  •   DiMaX
  •  1494
  •  04.03.2021 14:48

Redmi «дамини олаверсин» – Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман чиқди!

Хабарингиз борки, Xiaomi корпорацияси яқиндагина Redmi K40, Redmi K40 Pro ҳамда K40 Pro+ флагманларини намойиш этган. Булардан иккинчиси ҳозирда Qualcomm компаниясининг энг қудратли – Snapdragon 888 процессорига эга энг арзон смартфон бўлиб турибди.

ЎҚИНГ: Энг зўр Android-флагманлар рейтингига Redmi K40 ҳамда K40 Pro ҳам кирди, Mi 11 эса яна пастлади! (AnTuTu, 2021 йил февраль)

Redmi брендининг асосий рақиби – Realme ҳам қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. OPPO корпорациясининг ушбу арзончи суббренди бугун – 4 март куни Realme GT русумли суперфлагманини тақдим этди.

Мазкур қурилма Snapdragon 888 чипсетидан ташқари, энг янги – тегишлича LPDDR5 тоифали тезкор ҳамда UFS 3.1 стандартидаги ички хотира чиплари билан таъминланган. AnTuTu бенчмаркида унинг самарадорлик кўрсаткичи 750 000 баллдан ошади.

Realme GT диагоналига 6,43 дюймлик AMOLED-экранга эга; дисплейда тасвир аниқлиги FHD+ форматида, кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцлик. Смартфонда ёруғлик датчиги иккита – корпусининг олд ва орқа томонларида жойлашган. Стереодинамиклари Dolby Atmos ҳамда Hi-Res Audio технологияларини қўллайди, гаджетда яна қулоқчин тирқиши ва такомиллаштирилган вибромотор мавжуд.

Флагманнинг бош камерасида асосий сифатида 64 мегапикселлик Sony IMX682 сенсори қўлланган. Иккинчи – 8 МПлик модул кенг бурчакли – кўриш бурчаги 119 даражали объектив билан тақдим этилган, учинчи – макрокамера эса 2 мегапикселлик аниқликка эга. Смартфоннинг олд камераси эса дисплей тирқишидаги 16 МПлик якка датчикдан иборат.

Realme GT моделида янгича – уч ўлчамли суюқлик ёрдамида совитиш тизими жорий этилган. У қурилмани қувватлашда ва ўйинларда қизиб кетишнинг олдини олади. 4500 мА/соатлик аккумулятор 65 ваттлик технология бўйича тезкор заряд олади.

ЎҚИНГ: 3687 мАс батареяли Phone 12 Pro Max автономлиги юқорими, ёки 5000 мАс аккумуляторли Galaxy S21 Ultra? («Жонли» тест видеоси)

Смартфон янги – Realme UI 2.0 график қобиғи бошқаруви остида ишлайди, уни дастурчилар Android 11 операцион тизим талқини базасида ишлаб чиқишган. Realme GT харидорларига «булутли» сервисдан 6 ой бепул фойдаланиш имкони билан 120 гигабайтлик жой ҳам тақдим этилади.

Энг кучли Snapdragon 888 процессори базасида яратилган бўлса-да, Realme GT барча рақибларидан арзонлиги билан ажралиб туради. Хитойда уни очиқ савдога 10 мартдан чиқаришади, лекин шунгача олдиндан буюртма қилганларга чегирмалар мавжуд:

Realme GT 5G, хотираси 8/128 ГБлик — $448 (аввалдан буюртма қилинса – $433)

Realme GT 5G, хотираси 12/256 ГБлик — $525 (аввалдан буюртма қилинса – $510)

Суперфлагманнинг ташқи бозорга чиқиши борасида бирор маълумот берилмаган.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг кучли смартфон (AnTuTu рейтинги, 2021 йил февраль)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!