Redmi Earphones – ўта арзон, лекин Hi-Res Audio сертификатли қулоқчин!

  •   DiMaX
  •  727
  •  03.09.2020 13:57

Redmi Earphones – ўта арзон, лекин Hi-Res Audio сертификатли қулоқчин!

Эсингизда бўлса, Realme бренди яқинда ҳатто смартфон ғилофидан ҳам арзон нархда Realme Buds Classic қулоқчинини чиқарган эди. Xiaomi компанияси ҳам ундан қолишмаслик учун, Redmi бренди остида янги қулоқчинини намойиш қилди.

ЎҚИНГ: Xiaomi раҳбарияти кутилганидан ҳам зўр чиққан янги арзон флагмани учун узр сўради

2 сентябрь куни Ҳиндистонда бўлиб ўтган онлайн маросимда Redmi Earphones русумли симли қулоқчин жамоатчиликка кўрсатилди. Мазкур арзон аксессуар Hi-Res Audio сертификациясига эга, яъни у юқори сифатли товуш янграта олади.

Redmi Earphones қулоқчини 10 миллиметрлик драйверларга эга бўлиб, қадоғидаги жамланмада турли ўлчамлардаги амбушюрлар (қулоқ ичига кириб турадиган жойидаги силикон ёки резина учликлар) ҳам бор.

Аксессуарнинг 1,25 метрлик кабели «Y» шаклидаги тузилишга эга бўлиб, унда биттадан микрофон ва бошқарув тугмачаси мавжуд.

Қулоққа тақиладиган жойининг орқа томони эса магнитли – ўзаро ёпиштириб қўйиш мумкин.

Redmi Earphones вазни атиги 13 грамм эканлигини ҳам таъкидлаш ўринли. Компания уни кўк, қизил ва қора рангларда таклиф этади.

Xiaomi бу маҳсулотини 7 сентябрдан бошлаб Ҳиндистонда сотувга чиқаради. Redmi Earphones учун ҳам Realme Buds Classic билан бир хил – 5 АҚШ долларига тенг нарх белгиланган.

ЎҚИНГ: 200 долларлик Gionee M30 чиқди: аккумулятори нақ 10 000 мА/соатлик смартфон-повербанк!