Redmi, Huawei, OnePlus ва Vivo смартфонлари учун экраности бармоқ изи сканери ишлаб чиқараётган компания

  •   DiMaX
  •  2515
  •  08.06.2019 10:44

Redmi, Huawei, OnePlus ва Vivo смартфонлари учун экраности бармоқ изи сканери ишлаб чиқараётган компания

Бармоқ изи сканери экраннинг остига жойланган телефонлар ғояси бир неча йил олдин иложсиз туюлар эди. Ҳозир эса бу одатий ҳолга айланмоқда.

Жумладан, таҳлилчилар OnePlus 7 Pro смартфонини анчайин юқори баҳолашмоқда. Қурилманинг, айниқса, таҳсинга сазовор хусусияти – 0.2 сонияда бармоқ изини аниқлаб, смартфонни блокдан чиқарувчи экраности дактилоскопик сканеридир. Таъкидлаш керакки, таҳлилчиларнинг барчаси OnePlus 7 Pro’нинг экраности сканери ҳозирда саноатдаги энг яхшиси эканлиги ҳақида бир хил фикрда. Бу жиҳатидан у Huawei P30 Pro, Oppo Reno, Vivo Nex Dual Display Edition ва Samsung Galaxy S10 каби флагманларни ҳам ортда қолдирди.

Бироқ вазиятнинг қизиқлиги шундаки, Samsung’ Galaxy S10’дан ташқари юқоридаги смартфонларнинг барчасига битта компания томонидан ишлаб чиқарилган, бир хил оптик бармоқ изи сканери ўрнатилади.

Ченгчженгда жойлашган Goodix компанияси 2002 йилда асос солинганидан буён Huawei, LG, Dell, Xiaomi ва Lenovo каби дунёнинг энг йирик технологик компаниялари учун, бошқа маҳсулотлар билан бир қаторда, бармоқ изи сканерлари ҳам яратиб келмоқда. Йиллар давомида қурилмавий таъминот кўринишидаги дактилоскопик сканерлар смартфонларга ёқиш тугмаси ёки кичик ўйиқ айлана шаклида ўрнатилиб келинган. Бироқ ўтган йили Goodix’нинг бармоқ изи сканерлари экран остига кўчди. Саноатдаги бу туб бурилиш смартфон ишлаб чиқарувчиларга экран атрофидаги ром ўлчамини қисқартириш имконини берди. 

Йиллар давомида яратилган

Goodix тўлиқ функционал бармоқ изи сканерини дисплей остига ўрнатишга муваффақ бўлган биринчи компания эмас. Технология ишқибозлари илк маротаба бу янгилик амалга ошиши эҳтимоли ҳақида 2016 йил охирида хабар топган эдилар.

Ўшанда Samsung Калифорниянинг Synaptics компанияси билан бу компаниянинг «Clear ID» (ингл. «аниқ идентификация») номли оптик сенсорини Galaxy S8 флагманига ўрнатиш борасида ҳамкорлик олиб бораётганлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган. Бош бармоқ тирноғи ҳажмидаги Clear ID сканери дисплей остига ўрнатилувчи сенсор бўлиб, фойдаланувчи шахсини OLED экран пикселлари орасидаги масофавий бўшлиқлардан ўтган из орқали аниқлайди. 

«Clear ID» номли сенсор ечими

Бироқ Galaxy S8’га Synaptics’нинг сканери ўрнатилмади. Samsung бутунлай бошқача сенсор ечими учун Qualcomm билан ҳамкорликка киришди. Synaptics эса Clear IDни Vivo компаниясига таклиф қилди. Сканер устида олиб борилган бир йиллик такомиллаштирув ишларидан сўнг, Clear ID датчиги 2018 йил январь ойида ўтказилган Маиший электроника тақдимотида расман Vivo прототипида намойиш қилиниб, Vivo’нинг янгиликлардаги асосий мавзулардан бирига айланишига сабаб бўлди. Айнан ўша давр атрофида Goodix ўзининг экраности оптик сенсори устидаги ишларни якунлаш арафасида турган эди. Бу сенсор ечими, Synaptics’нинг реал чипидан фарқли ўлароқ, экран остига бармоқни тасвирга олувчи камера линзаларини жойлаштириш эди. «Мен экраности сканери оммавий равишда ишлаб чиқариш учун етарлича мукаммал эмаслиги, уни такомиллаштириш учун яна бир неча ой кераклиги ҳақида Vivo’дагиларга айтгандим. Бироқ улар олдинга интилишиб, Synaptics ечимидан фойдаланишди ва бу ўз натижасини кўрсатди», – дейди Goodix компаниясининг асосчиси ва бош ижрочи директори, 54 ёшлик жаноб Дэвид Чжанг.

Чжанг ҳақ эди: Vivo ишлаб чиқарган Synaptics экраности бармоқ изи сканери 2018 йил апрель ойида бозорларни забт этди. Ўшанда таҳлилчилар бу оламшумул технологик янгиликни мақташган бўлса-да, аслида, ҳаммалари мазкур сканернинг секин ишлаши ва ишончсиз эканлиги ҳақида бир хил фикрда эдилар. Жумладан, CNet сайти таҳлилчиси Элойсизиз Лоу сканерга «шунчаки етарлича даражада яхши эмас», деб баҳо берган. 

«Vivо Х21 смартфони экрани остига ўрнатилган биринчи авлод Synaptics мени ҳам ҳайратлантирди, ҳам ҳафсаламни пир қилди».

Бироқ кўп ўтмай, компания кейинги смартфони – Vivo Nex учун Goodix’нинг сенсор ечимидан фойдаланди. Қурилма ишлаши сезиларли даражада яхшиланди. Synaptics вакилининг сўзларига кўра, компания энди бармоқ изи сканери эмас, балки IoT (буюмлар интернети) технологиясига ихтисослашишини маълум қилди.

OnePlus 7 Pro смартфонидаги оптик сканер, YouTube-блогер JerryRigEverything видеосидан олинган скриншот

Ҳозирга келиб Goodix’нинг экраности бармоқ изи датчигидан фойдаланадиган компаниялардан кўра фойдаланмайдиганларини санаш осонроқдир. Huawei, Xiaomi, Oppo, Meizu, Lenovo ҳамда OnePlus’ларнинг ҳаммаси Vivo’га эргашиб Goodix’нинг сканер технологиясидан фойдаланмоқда.

OnePlus 7 Pro’нинг ички қисми очилиши тасвирланган видеодан олинган скриншот: Goodix’нинг сўнгги авлод экраности сканери

Деярли монопол (Samsung Goodix сенсоридан фойдаланмаётган ягона бренддир) компания даромадлари сезиларли даражада ўсди. 2018 йилда Goodix даромадлари 3,8 млрд юань (535,8 млн АҚШ доллари)га етди, унинг 3 млрд юань (434,5 млн доллар) қисми айнан бармоқ изи сканери бизнесидан тушган.

Даромадининг қолган қисми компаниянинг Amazon Kindle, Google Home ва Bluetooth билан ишловчи бошқа қурилмаларга ўрнатилувчи сенсорли экранлари улушига тўғри келган. 

Хўш, Samsung’дан бошқа деярли барча брендлар Goodix’нинг экраности сканеридан фойдаланаётган бўлса-да, сенсор нега айнан OnePlus 7 флагманида бошқа смартфонлар, масалан, Huawei P30 Pro ёки Oppo Reno’дан кўра тезроқ ишламоқда?

Goodix’нинг Тадқиқот ва ривожланиш бўлими вице-президенти Карсон Йэ бунга бир неча омилларни сабаб қилиб кўрсатади.

Аввало, OnePlus бренди айнан тезликни бошқа жиҳатлардан устун қўяди ва компания ишлатадиган дастурий таъминотда ресурсларнинг катта қисми тезлик учун ажратилган.

Ченчженгдаги Goodix компаниясининг асосчиси ва бош ижрочи директори Дэвид Чженг

Иккинчи сабаби шуки, Huawei P30 Pro, Oppo Reno ва Xiaomi Mi 9’лардан сўнг чиқарилиб, бозорни забт этган 7 Pro смартфонига Goodix сканерининг энг сўнгги версияси ўрнатилган.

«Сенсорларимизнинг ҳам қурилмавий, ҳам дастурий таъминоти устида доимий ишловчи 400 нафар муҳандисимиз бор. Улар нозик созлаш алгоритми, датчикларнинг ёруғликни сезишини кучайтириш ва шунга ўхшаш жиҳатлар устида мунтазам иш олиб боришади», дейди Йэ.

Ёруғликми, товушми? Ёхуд 2D’га қарши 3D

Хўш, қайси бир бармоқ изи сканери ечими яхшироқ – Goodix’нинг оптик сенсорими ёки Qualcomm’нинг ультратовушли датчигими?

Назарий жиҳатдан олиб қараганда, ультратовушли сканер ишончлироқдир, сабаби у фойдаланувчининг бармоғидаги уникал эпидермис қатламининг 3D харитасини товуш тўлқинлари воситасида яратади. Оптик сканер эса бармоқнинг 2D тасвирини сақлаб қолиш учун ёруғлик манбасига таянади.

Бироқ жаноб Чжанг бу фикрга қўшилмайди. Унинг айтишича, биринчидан, ультратовушли датчиклар оптик датчикларга нисбатан ишончлироқ эканлигига аниқ далил ҳозиргача мавжуд эмас. Оптик сенсор ҳимояси бузиб ўтилаётгани ҳақида қанча мақола ёзишаётган бўлса, Samsung’ning Galaxy S10’ини бузиб ўтишаётгани ҳақида ҳам шунча кўп хабар берилмоқда.

Илкинчидан, киберхавфсизлик бўйича мутахассисларнинг кўпи тан олганидек, биометрик ечимларнинг ҳеч қайсиси 100% ишончли эмас. «Агар биометрик тизим қандай ишлашини тушунсангиз ва бундай тизим хавфсизлигини бузиб киришга тайёр шеригингиз бўлса, ҳар қандай бармоқ изи сканери блокини бузиб ўтиш мумкин», дейди Чжанг. Унинг таъкидлашича, iPhone X’даги юзни таниш функциясининг ёки бармоқ изи сканери блокининг бузиб ўтилиши ҳақидаги хабарларнинг барчаси ортида битта умумийлик бор, у ҳам бўлса қурилма эгасининг бу жараёнда иштирокидир. «Биз буни [қурилмани] кўнгилли равишда алдаш деб атаймиз ва бунинг олдини олиш иложсиз. Фақатгина қурилманинг фойдаланувчиси иштирокисиз амалга оширилган хакерлик ҳужумига қарши курашишимиз мумкин», дейди у. Шу жиҳатдан, Чжангнинг айтишича, Goodix’нинг оптик сканери аввалги қурилмавий таъминотли сканерлар ҳамда Samsung’нинг ультратовушли сканери билан тенг даражада ишончлидир. «Оптик сканер етарлича ишончли бўлгани учун ҳам Google Pay’да бизнинг сенсорларимиз орқали харидларни тасдиқлаш имкони мавжуд. Аслида, сканерларимиз Google’нинг стандартларига жавоб беришини таъминлаш учун Google билан ҳамкорлик қиламиз», дейди Чжанг.

Реал тест

Смартфон таҳлилчиларидан бири барча янги телефонлардан фойдаланиб кўриш имкони мавжудлиги сабабли, ўзи учун бармоқ изи сканерларини синаб кўришга қарор қилган. Бироқ улардан ҳеч қайсисининг хавфсизлик тизимини бузиб ўтолмаган. Бу синов натижасида OnePlus 7 Pro’нинг сканери Galaxy S10’никидан сезиларли даражада тез ишлашига қайта амин бўлиш мумкин, холос. 

Бошқа таҳлилчилар эса, ҳаттоки, OnePlus’нинг олдинги авлод смартфонлари борасида ҳам худди шундай хулосага келишган эди. 

«Бу синовни ҳар куни қайта-қайта амалга оширяпман. OnePlus 6T’нинг экраности оптик сканери Galaxy S10+ нинг ультратовушли сенсорига қараганда тезроқ ишлашига ишончим бутунлай комил». #galaxys10 pic.twitter.com/fadEDJr61q

—Раймонд Вонг @#WWDС

Синовни янада чуқурроқ давом эттириб, нам, ёғли бармоқ билан ҳамда шишали экран ҳимоялагич устидан сканерни яна синаб кўришган. Буларнинг ҳар бирида Goodix’нинг сканери ультратовушли сканерни ортда қолдирган. 

Хўш, иннайкейин-чи?

Икки йил ичида экраности бармоқ изи сканери футуристик ғоядан Android-смартфонларга  татбиқ этилиши мумкин бўлган хусусиятга айланиши кутилмоқда. Ҳаттоки, Realme Х, Redmi K20 ва Meizu 16X каби ўртача сифатли қурилмаларда ҳам аллақачон шундай сенсор ўрнатилмоқда. Шу кунлардаги ҳолатга кўра, 41 та русумдаги смартфонда Goodix сканери ўрнатилган. Хитой компанияларининг смартфон ишлаб чиқариш суръатларини ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, йил охирига қадар бу рақам яна ўн иккитага ошиши кутилмоқда.

Чжангнинг айтишича, бармоқ изи сканерлари компаниялар учун даромадни оширишга хизмат қилувчи асосий манба бўлиб қолаверади. Goodix ҳозирда Хитойнинг автомобиль ишлаб чиқарувчи брендлари билан машиналар эшигига ҳам бармоқ изи сканери ўрнатиш бўйича ҳамкорлик ишлари олиб бормоқда. Бироқ айни дамда катта янги рақиб, ёки Goodix’нинг эҳтимолий мижози хавф солмоқда: ишончли манбаларнинг тахминига кўра, икки йил олдин юзни таниш технологияси фойдасига бармоқ изи сканеридан воз кечган Apple, 2020 йилги iPhone’га экраности бармоқ изи сканерини ўрнатишни режалаштирмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!