Redmi K30 энди энг арзон 5G-смартфон эмас! Лекин буям вақтинчалик...

  •   DiMaX
  •  1899
  •  07.01.2020 17:02

Redmi K30 энди энг арзон 5G-смартфон эмас! Лекин буям вақтинчалик...

Хабарингиз борки, Xiaomi корпорациясининг Redmi K30 модели 5G-смартфон сифатида ҳам машҳур бўлган. Унинг 4G-версияси аввалроқ савдога қўйилган эди, бугун – 7 январдан эса флагманнинг 5G-талқини сотила бошлади ва...

ЎҚИНГ: 5G васвасаси: Redmi K30 5G икки соатдаёқ талаш бўлди!

Бироқ боягина, 2020 йилнинг 7 январь куни Хитойда унинг асосий рақиби – Realme X50 5G намойиш этилди. Мазкур флагманнинг бошланғич конфигурациядаги – 8/128 гигабайтлик тезкор/ички хотирали варианти 360 долларга нархланган. Айни шундай конфигурацияли Redmi K30 5G эса 375 доллардан сотилмоқда.

Демак, айни дамда Realme X50 5G смартфони айни дамгача тақдим этилган бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўллаб-қувватловчи энг арзон телефон бўлиб турибди. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор – 14 январдан Redmi K30 5G флагманининг 6/64 ва 6/128 гигабайтлик хотирага эга вариантлари сотувга чиқади. Уларнинг нархлари эса тегишлича 285 ва 330 долларни ташкил этади; яъни, «энг арзон 5G-смартфон» номини улар Realme X50 5G’дан тезда тортиб олади.

ЎҚИНГ: Redmi K30’нинг тақдимотда айтилмаган сири фош бўлди! (+«жонли» видео)

Realme X50 5G моделига келсак, унинг фақат юқоридагисидан қиммат вариантлари мавжуд: 6/256 гигабайтлиги 388 доллардан, 12/256 гигабайтлиги эса 432 доллардан сотилади. Унинг яна Master Edition номли махсус талқини ҳам бор – унинг тезкор/доимий хотираси 12/256 гигабайтлик бўлиб, орқа панели бетакрор ишланган ва нархи ҳам шунга яраша – 446 доллар.

Техник хусусиятларига тўхталадиган бўлсак, Oppo корпорацияга қарашли Realme брендининг янги флагмани 6,57 дюймлик экранга эга. Дисплейнинг тасвир аниқлиги 1080х2040 пикселлик бўлиб, кадр янгиланиш частотаси анча юқори – 120 герцлик. Экранининг юқори чап бурчагида очилган тирқишда қўшалоқ камеранинг 16 ва 8 мегапикселлик датчиклари ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп 10 смартфон (1-ҳафта)

Realme X50 5G моделининг бош камераси эса орқа панелнинг юқори чап бурчагида тиккасига жойлашган 64, 8, 12 ва 2 мегапикселлик сенсорларини ўз ичига олган.

Oppo ушбу қурилманинг «электрон юраги» тарзида Snapdragon 765G чипсетини танлаган. Realme X50 5G бармоқ изи сканери корпуснинг ён қиррасига жойланган. Унинг 4100 мА/соатлик аккумулятори эса 30 ваттлик технология асосида тезкор қувватлана олади. Мазкур смартфон Android 10 операцион тизими базасида тайёрланган Realme UI график қобиғида ишлайди.

ЎҚИНГ: 2019 йилнинг энг барқарор смартфонлари ва прошивкалари (Master Lu рейтинги)