Redmi K30 ва K30 Pro арзонлашди, чунки Redmi X10, Redmi X10 5G ҳамда Redmi X10 Pro 5G тайёр!

  •   DiMaX
  •  5677
  •  18.05.2020 10:51

Redmi K30 ва K30 Pro арзонлашди, чунки Redmi X10, Redmi X10 5G ҳамда Redmi X10 Pro 5G тайёр!

Xiaomi компанияси арзончи бренднинг ўнинчи авлод фаблети – Redmi Note 10 моделини тайёрлагани ҳақида ёзгандик. Бундан ташқари, ҳали тақдим этилмаган Redmi 9 модели компания расмий сайтига, Redmi 10X иккаласи яна Geekbench’га ҳам чиққан!

ЎҚИНГ: «Суперсамарадор» Redmi Note 10 5G аллақачон TENAA’да: «жонли» суратлари ва хусусиятлари

Энди эса булардан ҳам бошқа, номлари «Redmi X» билан бошланувчи смартфон моделлари ҳақида маълумотлар пайдо бўлди! Мазкур туркумга учта девайс – Redmi X10, Redmi X10 5G ҳамда Redmi X10 Pro 5G кириши айтилмоқда, лекин инсайдерлар уларнинг хусусиятларини турлича кўрсатишаётир.

Redmi X10 диагоналига 6,53 дюймлик Full HD+ дисплейга, MediaTek Helio G70 процессорига, асосий сенсори 48 МПлик квадрокамерага, 5020 мА/соатлик аккумуляторга эга. Redmi уни 4 ёки 6 ГБлик тезкор ва 12 ГБлик доимий хотирали вариантларда, оқ, кўк ва яшил корпуслара сотувга чиқаради.

Redmi X10 5G бошқа чипсетга эга бўлиши аниқ, аммо айнан қандай эканлиги номаълум – катта эҳтимол билан бу MediaTek Dimensity 820 процессоридир. Тезкор хотираси 6/8, доимийси эса 128/256 гигабайтлик бу смартфон мовий, бинафшаранг, тилларанг ва кумушранг корпусларда таклиф этилади.

Redmi 10X Pro 5G эса ундан сал йирикроқ экран ва яхшироқ камерага эга бўлиши мумкин, уни 8/128 ва 8/256 гигабайтлик конфигурацияларда чиқаришади.

ЎҚИНГ: Redmi янада арзон 5G-смартфон тайёрлади, хусусиятлари билан танишамиз!

Юқоридаги моделларнинг яқин орада чиқишига далолат қилувчи янгилик ҳам бор: Xiaomi Group China бош директори Лу Вейбинг (Lu Weibing) ўз юртида Redmi K30 моделининг ҳам 4G, ҳам 5G версиялари доимий асосда арзонлашганини маълум қилди.

Бешинчи авлод уяли алоқа тармоғини қўлловчи Redmi K30 флагманининг 8/128 гигабайтлик варианти нархи 267 доллардан 239 долларгача туширилган бўлса, 8/256 гигабайтлигини энди 309 доллар ўрнига 281 долларга олиш мумкин.

Redmi K30 4G моделининг бошланғич конфигурациядаги – 6/64 ГБ хотирали варианти 225 долларга баҳоланган бўлиб, яқинда савдодан олиб ташланган эди. Энди эса унинг 6/128 гигабайтлигини худди шу нархда сотишяпти.

Бу иккаласидан ташқари, Redmi K30 Pro флагмани ҳам аввалгидан паст нархда сотила бошлаган, аммо бу вақтинчалик чегирма ёки доимий асосдаги арзонлашув эканлиги номаълум. Унинг фақат 6/128 гигабайтлиги нархи тушган – Хитойда ҳозир уни аввалги 422 доллар ўрнига 394 долларга олиш мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi раҳбари «ўз компаниясига хиёнат» билан қўлга тушди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!