Redmi Note 10’нинг илк тизери: «ёнғоқчақар»нинг муносиб издоши!

  •   DiMaX
  •  1499
  •  27.01.2021 14:26

Redmi Note 10’нинг илк тизери: «ёнғоқчақар»нинг муносиб издоши!

Xiaomi компанияси икки йил олдин Redmi Note 7 русумли смартфонини намойиш этган ва у ўта оммалашган эди. Бирор мустаҳкамлик стандартига эга бўлмаса-да, «Кичкина Кинг-Конг» деб ҳам аталган ушбу арзон модел ўта пишиқ чиққанди.

ЎҚИНГ: Redmi Note 7 чиндан ҳам «ёнғоқчақар»ми? JerryRigEverything «жонли» видеотестини томоша қиламиз!

Мустаҳкамлиги боис «ёнғоқчақар» лақабини олган Redmi Note 7 смартфонини турли видеоларда йигитлар полга ташлаб тепкилаб, қиз нозик пошнасида эзғилаб, дўмбоқ йигит устига сакраб ўтириб ва яна экрани билан ёнғоқ чақиб, дисплейи устида турли маҳсулотларни ошпичоқда чопиб, ҳатто сув тубида ҳам ишлатиб ҳам кўрсатишган. Шунингдек, Redmi Note 7’нинг ичини очиб, қисмларга ажратиб кўрсатилган, яна мустаҳкамлиги металл зўлдир ва дрель остида, калит тўла қути ичида синалган видеоларини ҳам чиқарганмиз.

«Хитойча Apple» энди янги тизер эълон қилди – унда «Кичкина Кинг-Конг»нинг қайтиши маълум қилинган. Постер ушбу туркумдаги янги смартфоннинг тақдимоти яқин эканлигидан далолат беради ва бу RedmI Note 10 модели бўлиши кутилмоқда.

Ушбу туркумда стандарт 5G-смартфондан ташқари, янада илғор Redmi Note 10 Pro флагманини ҳамда унинг Redmi Note 10 Pro 4G версияси ҳам чиқиши маълум. Redmi бренди аллақачон бир қатор мамлакатларнинг тегишли регуляторларида сертификатлаштириб бўлган. Уларнинг расмий намойиши кейинги ойда бўлиб ўтса керак.

Redmi Note туркумидаги ўнинчи авлод смартфонларининг турли версияларида Snapdragon 735G ҳамда Snapdragon 750G процессорлари қўлланиши айтилмоқда. Шунингдек, уларда 6/8 гигабайтлик тезкор ва 64/128 гигабайтлик доимий хотира, 64 мегапикселлик камера, янгиланиш частотаси 90/120 герцлик экран ҳамда 5050 мА/соатлик аккумулятор бўлади.

ЎҚИНГ: «Тажовузкор» нархли Redmi Note 10 ҳамда Note 10 Pro: тақдимот куни, ранглари ва техник хусусиятлари

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!