Redmi Note 6 Pro – Xiaomi’нинг тўртта камерали, iPhone X дизайнли ажойиб смартфони!

  •   DiMaX
  •  16007
  •  24.10.2018 16:26

Redmi Note 6 Pro – Xiaomi’нинг тўртта камерали, iPhone X дизайнли ажойиб смартфони!

«Хитойча Apple»нинг ҳамёнбоп туркумда тақдим этилган энг сўнгги қурилмаларидан бири Xiaomi Redmi Note 6 PRO фаблети бўлади. У мазкур компаниянинг қўшалоқ олд камерага эга илк смартфони эканлиги билан ҳам ажралиб туради.

Келинг, 2018 йилнинг сентябрида расман намойиш этилган, кенгформатли экранга ва кучли хусусиятларга эга бўлган ушбу девайсга батафсилроқ тўхталамиз...

Жамланмасида нималар бор?

Xiaomi Redmi Note 6 PRO қадоғида, смартфоннинг ўзидан ташқари, қуйидагилар ҳам жойланган:

  • фойдаланувчи қўлланмаси;
  • қувватлаш ускунаси;
  • USB – microUSB кабели;
  • SIM-карталар уячасини чиқариш скрепкаси;
  • ҳимоя ғилофи.

Дизайн ва эргономика

Xiaomi компанияси ҳамиша вақт билан ҳамнафас бўлишга интилиб, ўз смартфонларини ҳам функционаллиги, ҳам дизайни бўйича замонавий тарзда ишлаб чиқади. Redmi Note 6 PRO модели ҳам бундан мустасно эмас.

Ушбу девайс кейинги йилларда трендга чиққан бир неча хусусиятларни ўзида жамлаган. Яъни:

  • Кенг форматли экран;
  • Жуфт модулли бош камера;
  • Селфи-камера ҳам қўшалоқ;
  • iPhone X услубида «кемтик»ли экран;
  • Корпуси навигация тугмачаларидан холи.

Xiaomi ушбу қурилмасининг орқа панелини ҳам купертиноликларнинг iPhone X суперфлагманига ўхшатишга ҳаракат қилган. Орқа қопқоқнинг умумий юзасидан сал бўртиб чиққан блокда асосий камеранинг 12 ҳамда 5 мегапикселлик иккита модули, улар орасида эса иккита тусли LED-фоточақноқ жойлашган. Айфонлардан фарқли равишда, Redmi Note 6 PRO орқа қопқоғида бармоқ изи сканери ҳам ўрин олган.

Корпуснинг чап қиррасида иккита SIM-карта ҳамда microSD форматидаги хотира картаси учун уяча мавжуд. Афсуски, бу моделда хотира картаси битта SIM-карта ўрнига жойланади.

Овозни пастлатиш-баландлатиш ҳамда смартфонни ўчириб-ёқиш тугмачалари эса, анъанавий тарзда, корпуснинг ўнг қиррасига жойланган.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтсак арзийди – Xiaomi бу моделидан инфрақизил портни қизғанмаган. Ҳолбуки, «хитойча Apple» айрим арзон моделларини ушбу муҳим датчикдан мосуво қила бошлаган.

ЎҚИНГ: Redmi 6 ва 6A’нинг Xiaomi яширган асосий камчилиги фош бўлди!

Инфрақизил порт туфайли, Mi Remote деб номланган махсус дастур ёрдамида ушбу смартфонни кўплаб маиший техника жиҳозлари учун бошқарув пульти вазифасини бажара олади Redmi Note 6 PRO моделида у корпуснинг тепа қиррасида, қўшимча микрофон ҳамда 3.5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ёнида жойлашган.

Юксак техник хусусиятларга эга Mi туркумидаги қурилмалардан фарқли равишда, ҳамёнбоп Redmi моделларида ҳануз miroUSB порти қўлланиб келаётир. Redmi Note 6 PRO гаджетида у корпуснинг пастки қиррасида, микрофон ҳамда динамик орасидан ўрин олган.

Xiaomi Redmi Note 6 PRO харидорларга қизил, пушти, кўк ва қора рангли корпусларда таклиф этилади.

Ушбу смартфон қадоқданоқ Android 8.1 (Oreo) операцион тизим талқинига асосланган MIUI 9 глобал прошивкага эга.

Экрани ҳам ўзига хос

Ушбу фаблетнинг диагоналига 6.26 дюймлик дисплейи 1080х2160 пикселлик тасвир сифатига эга. Унда мазкур тоифадаги смартфонлар учун стандарт даражадаги ранг узатиш хусусияти мавжуд. IPS матрицали экрани устига Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси ётқизилган.

Экранининг юқорисидаги «кемтик»да қўш модулли камерадан ташқари ёруғликни аниқлаш датчиги, билдиришномалар индикатори ҳамда суҳбатлашиш динамиги ҳам ўрин олган.

Юқорида таъкидланганидек, Redmi Note 6 PRO қурилмасининг корпусида навигация тугмачалари йўқ. Смартфон экрандаги виртуал тугмачалар ҳамда дисплейдаги бармоқ ишоралари орқали бошқарилади. Хоҳишга кўра, экрандаги иш ҳудудини кенгайтириш мақсадида тугмачаларини ўчириб қўйиш ҳам мумкин.

Ишлаш самарадорлиги

Смартфонларнинг ишлаш самарадорлигини баҳоловчи машҳур AnTuTu бенчмаркида бу қурилма 115991 балл тўплаган.

Xiaomi Redmi Note 6 PRO техник хусусиятлари ҳамда ишлаш тезлиги бўйича ҳам ўз тоифасидаги аксарият қурилмалардан устун. Унинг «электрон юраги» – Snapdragon 636 процессори максимал 1.8 ГГц такт частотасида ишлай олувчи саккизта ядрони ҳамда Adreno 509 график тезлатгичини ўзида жамлаган.

Модификациясига боғлиқ ҳолда, мазкур смартфон турлича ҳажмлардаги тезкор ва доимий хотира билан жиҳозланган. Аниқроғи – Xiaomi уни 3/32, 4/64 ёки 6/64 гигабайтлик тезкор/ички хотирага эга талқинларда ишлаб чиқаради. Унга яна 256 гигабайтгача ҳажмли microSD-карта қўйса бўлади, аммо, юқорида таъкидлаганимиздек, у битта SIM-карта ўрнига қўйилади.

OTG технологиясини қўллаб-қувватлаши эвазига, мазкур фаблетга FAT32 ва exFAT файл тизимига эга бўлган ташқи флешкаларни ҳам улаш имкони бор.

Аксарият телефонлардаги каби Redmi Note 6 PRO ҳам акселерометр, гироскоп, компас кабиларга эга. Xiaomi’нинг бошқа ҳамёнбоп смартфонларидаги сингари, ушбу моделда ҳам контактсиз тўловлар учун NFC модули жойланмаган. Ўзбекистонда мазкур технология ривожланмаганини ҳисобга олсак, унинг бизга кераги ҳам йўқ.

Катта экрани ва нисбатан кучли процессорига мос равишда, Redmi Note 6 PRO фаблетининг батареяси ҳам яхши – 4000 мА/соатлик ток сиғимига эга. Ўртача фойдаланиш режимида унинг қуввати бир ярим – икки кунга етади.

Жами тўртта камера!

Кўпчилик смартфон эгалари, айниқса ёшлар телефонларнинг айнан камерасига кўпроқ эътибор қаратишади. Xiaomi шуни инобатга олиб, Redmi Note 6 PRO гаджетини жами нақ тўртта камера модули билан таъминлаган. «Хитойча Apple» шу пайтгача бошқа бирорта смартфонида, ҳатто флагманларидаям бирйўла олд ва асосий камераларни қўш объективли қилмаганини инобатга олсак, ушбу фаблетнинг мобил фотография ишқибозлари учун аҳамиятли эканлигини яхши англаймиз.

Фаблетнинг бош камераси 12 ва 5 мегапикселли сенсорларни ўз ичига олади. Селфи учун эса 20 ҳамда 2 мегапикселли иккита сенсорни ўз ичига олган камера мавжуд.

Жуфт датчиклари эвазига Redmi Note 6 PRO олд камераси ҳам, бош камераси ҳам орқа фонни хиралаштириб – боке эффекти билан портрет режимида расмга ола билади. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, олинаётган расмларни «сунъий онг» махсус қайта ишлайди, тасвирга олинаётган сюжетларни англайди ва ўз алгоритмлари ёрдамида суратни яхшилаб беради.

Мана, Xiaomi Redmi Note 6 PRO камерасида олинган расмларга мисоллар:

Хоҳишга кўра, суратлардаги «Redmi Note 6 PRO Mi Dual Camera» ёзувини созламалар менюси орқали олиб ташлаш мумкин.

Xiaomi Redmi Note 6 Pro смартфонининг техник хусусиятлари:

Ўлчамлари: 157.9 x 76.4 x 8.2 мм

Дисплей: 6.26 дюймлик, 97.8 кв.см; 1080х2280 пикселли, (~403 ppi); 19:9 нисбатли.

Тармоқларни қўллаши: GSM / HSPA / LTE – 2G: GSM 850 / 900 / 1800 / 1900 - SIM 1 ва SIM 2; 3G: HSDPA 850 / 900 / 1900 / 2100; 4G: LTE band 1(2100), 3(1800), 4(1700/2100), 5(850), 7(2600), 8(900), 20(800), 38(2600), 40(2300).

Операцион тизим: Android 8.1 (Oreo)

Процессор: Qualcoмм Snapdragon 636: 1.8 ГГц.лик саккизта Kryo 260 ядроси + Adreno 509 график чипи.

Хотира: 3/4/6 ГБлик тезкор ҳамда 32/64 ГБлик доимий; яна 256 ГБгача хотира картаси қўйиш мумкин.

USB: microUSB 2.0, USB On-The-Go

Бош камера: 12 MP, f/1.9, 1/2.55", 1.4µm, dual pixel PDAF + 5 MP, f/2.0, 1.12µm, depth sensor.

Олд камера: 20 MP, f/2.0 + 2 MP, depth sensor.

Bluetooth: 5.0, A2DP, LE.

Wi-Fi: Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, dual-band, Wi-Fi Direct, улашиш мумкин.

Аккумулятор: олинмайдиган, 4000 мА/соатлик, Li-Po.

ХУЛОСА

Хулласи калом, Xiaomi Redmi Note 6 PRO – катта экран ва кучли батареяга, инфрақизил портига эга, дизайни ва самарадорлиги яхши бўлган смартфондир.

Унинг нафақат дизайни iPhone X юбилей флагманига ўхшашлиги, балки сифатли экрани ва ҳар икки томонидаги «сунъий идрок»ли қўшалоқ камералари ҳам аҳамиятга эга. Глобал версияда чиқарилганлиги, Android операцион тизимининг 8.1 – Oreo талқини бошқаруви остида ишлаши ҳам унинг афзалликларидандир.

Ушбу фаблет расмий тақдимотидан ҳам аввал сотувга чиқиб кетган ва ўшандан буён Terashop.uz интернет-дўконимизда ҳам сотилмоқда.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

Terashop.uz UZS 1 415 000.00 Сотиб олиш
Terashop.uz UZS 1 595 000.00 Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.