Redmi Note 9 – сувдан ҳимоя, 48 МПлик квадрокамера, 5020 мА/соатлик батарея ва Helio G85 чипли арзон смартфон!

  •   DiMaX
  •  5500
  •  01.05.2020 10:20

Redmi Note 9 – сувдан ҳимоя, 48 МПлик квадрокамера, 5020 мА/соатлик батарея ва Helio G85 чипли арзон смартфон!

Xiaomi компанияси 30 апрель куни Redmi бренди остидаги тўққизинчи авлод фаблетларининг энг арзонини тақдим этди. Redmi Note 9 русумли ушбу смартфон бир қатор техник хусусиятлари ва 199 доллардан бошланувчи нархи билан кишини қувонтиради.

ЎҚИНГ: 33 хил Xiaomi ва Redmi смартфонларига ҳозироқ MIUI 12 ўрната оласиз! (тайёр ҳаволалар)

Redmi Note 9 моделининг экранини компания «нуқтали дисплей» (DotDisplay) деб атаган ва бу – нуқтадек кичкина тирқишга 13 мегапикселлик олд камера жойлашганига ишорадир.

Дисплейнинг ўлчами диагоналига 6,53 дюймлик, тасвир аниқлиги эса Full HD+ форматида. IPS-матрицали экран устига Corning Gorilla Glass 5 ҳимоя шишаси ётқизилган.

Асосий камеранинг тўртта модули квадрат блокка олинган ва улардан пастда бармоқ изи сканери жойлашган.

Булар – 48 МПлик асосий сенсор (f/1.79) + 8 МПлик кенг бурчакли модул (f/2.2, кўриш бурчаги 118°) + 2 МПлик макрообъектив + 2 МПлик чуқурлик датчиги (f/2.4).

Смартфоннинг «электрон юраги» – MediaTek Helio G85 процессорига тақдимотда катта эътибор қаратилган. Redmi Note 8 моделидаги Snapdragon 665 чипсетидан 21 фоизга самарадор бўлган мазкур процессорни «кунлик гейминг» учун мақбул вариант, дейишмоқда.

Redmi Note 9 аккумулятори анча сиғимдор – 5020 мА/соатлик бўлиб, 18 ваттлик технология бўйича тезкор қувват олади. Қизиғи – смартфон жамланмасига 22,5 ваттлик тезкор зарядлаш ускунаси киритилган.

Компаниянинг даъвосига кўра, одатий фойдаланишда Redmi Note 9 қуввати икки кундан ошиқ вақтга етади!

Redmi Note 9 мустаҳкамлигини ошириш мақсадида корпусининг бурчакларини кучайтиришган. Тағин унинг юзасини сувни ҳайдовчи наноқоплама билан қоплашган. Девайсни энг сўнгги Android 10 операцион тизим талқини базасидаги MIUI 11 интерфейси билан таъминлашган.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонлари учун MIUI 12 тақдим этилди: янги имкониятларни қарши оламиз! (+5 та видео)

Шунингдек, мазкур арзон смартфон конфигурациясига контактсиз тўловлар учун NFC чипи ҳамда маиший техника жиҳозларини бошқарув пульти сифатида қўллаш имконини берувчи инфрақизил порт ҳам кирган.

Redmi Note 9 корпусида иккита SIM-картадан ташқари яна microSD-карта жойлашувчи слот, қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик стандарт аудиотирқиш мавжуд. 

Xiaomi ушбу гаджетини май ойининг ўртасида сотувга чиқаришни мўлжалламоқда. Унинг бошланғич конфигурациядаги – 3/64 гигабайтлик тезкор/ички хотирали варианти учун атиги 199 доллар нарх белгиланган. Хотираси 4/128 гигабайтлик варианти ҳам қиммат эмас – 249 доллар туради.

ЎҚИНГ: «Қоч йўлдан, Redmi!» – энг арзон, тағин NFC ва 120 Гц экранли, квадрокамерали 5G-смартфон сотувга чиқди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!