Рекордчи смартфон: атиги 170 долларлик, лекин қуввати 10 кунга етади! (+«жонли» видео)
Замонавий мобил гаджетларнинг муҳим хусусиятларидан бири уларнинг автономлиги – аккумуляторининг қуввати узоқ вақтга етишидир. Буни таъминлаш учун смартфонсозлар одатда ўз қурилмаларига сиғимдор батареялар ўрнатишади, тизимни оптимизация қилишади ва ҳоказо.
ЎҚИНГ: Аккумулятор автономлиги: Apple iPhone 11 Pro Max vs Galaxy Note10+. Бу сафар қайси бири ютди?
Hisense эса ўзининг навбатдаги смартфонида сиғими катта аккумулятордан ташқари, ўзгача технология асосидаги экран ёрдамида ҳам автономликни оширган. Hisense A5 русумли ушбу девайс электрон қоғоз асосидаги – E-Ink экран билан жиҳозланган. Дисплейнинг ўлчами диагоналига 5,84 дюймни, тасвир аниқлиги эса 1440х720 пикселни ташкил этади.
E-Ink дисплей – фақат монохром (оқ-қора) тасвирлай олувчи экран бўлиб, бошқа рангларни ҳам оппоқдан қоп-қорагача – кул рангнинг ҳар хил туслари орқали ифодалайди. Унинг афзалликларидан бири – кўзга зарар етказмаслиги бўлса, яна бири – фақат тасвир ўзгарганидагина қувват талаб этишидир. Шу боисдан, компаниянинг таъкидлашича, 4000 мА/соатлик аккумулятори билан Hisense A5 рекорд даражада – ўн кунгача қувватлаш талаб этмасдан ишлай олади!
ЎҚИНГ: Xiaomi битта қувват билан 100 кунгача ишловчи «ақлли» гаджетини тақдим этди!
Бошқа хусусиятларига келсак, Hisense A5 бош камераси 13, селфи-камераси эса 5 мегапикселлик датчикларга эга. Qualcomm Snapdragon 439 платформали смартфоннинг тезкор хотираси 4 гигабайтлик.
Мана, Hisense A5 смартфонини «жонли» видеода кўрамиз:
Hisense A5 вазни 158 грамм келади, унга Android 9 Pie талқинидаги операцион тизим ўрнатилган. Харидорларга уни 32 ҳамда 64 гигабайтлик ички хотирага эга вариантларда таклиф этишади, нархи эса атиги 170 доллардан бошланади.
ЎҚИНГ: Ярим йил кутилган смартфон айтилганидан нақ минг долларга қиммат нархда сотувга чиқяпти!