Reuters бир дона iPhone X қанчага тушишини айтди

Reuters бир дона iPhone X қанчага тушишини айтди

TechInsights нашри iPhone X флагманининг деталларини сочиб ташлади ва Apple'нинг янги флагманини яқиндан томоша қилиб, унинг таннархини ҳамда нега ундан олинадиган даромад iPhone 8'никидан юқори эканини аниқлашга уринди.

Шу йилнинг 3 ноябридан жаҳон смартфон бозорида сотувга чиқарилган iPhone X Apple тарихидаги энг қиммат смартфонга айланди. Унинг бозордаги чакана нархи солиқни ҳисобга олмаганда, 999 долларни ташкил қилади.

Reuters агентлигига кўра, янги "байроқдор" гаджетни ишлаб чиқариш компанияга 357,50 долларга тушади. Шундай бўладиган бўлса, ҳар бир сотилган янги айфон баҳосининг 64% қисми Apple'га фойдага қолади. Таққослаш учун айтамиз, iPhone 8'нинг чакана баҳоси — 699 доллар, унинг ҳар бир донасидан олинадиган ялпи даромад эса нархининг 59% ини ташкил қилади.

iPhone X'ни таркибий қисмларга бўлиб ташлайдиган бўлсак, қуйидагича ҳолатни кўрамиз: энг қиммат детал -- 5,8 дюймли OLED-дисплейнинг ҳар бирини Apple 65,50 доллардан харид қилади. Суюқ кристалли 4,7 дюймли iPhone 8 экрани эса айфон ишлаб чиқарувчисига 36 доллардан тушади — iPhone X'дан деярли 2 баробар арзон.

iPhone X'нинг пўлат ромлари учун Apple 36 доллар сарфласа, iPhone 8'нинг алюминий корпуси 21,50 долларга тушади. Кўриб турибсизки, iPhone X'га қўйилган нарх инсофдан ташқаридагидек таассурот қолдиради.

Корпорация раҳбари Тим Кук iPhone X'нинг нега бу қадар қиммат эканига тўхталар экан, бу флагман энг илғор технологиялар билан таъминланганига урғу беради.

Айтиш жоизки, 357,50 доллар — флагманни тайёрлаш учун зарур бутловчи қисмлар учун кетадиган харажат. iPhone X'даги технологиялар, жумладан операцион тизим, дастурий таъминот ва дизайн учун йиллар давомида тадқиқот ва изланишларга катта маблағ сарфланади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!