Робот кўз тўр пардасида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди (Видео)

Робот кўз тўр пардасида мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказди (Видео)

Куни кеча Буюк Британиянинг Оксфорд университетида робот ёрдамида мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилди. Жарроҳлик амалиёти пайтида робот масофадан бошқарилган ва кўз тўр пардасидаги жуда ҳам кичик бўлган фрагментни олиб ташлаши керак бўлган. hi-tech.mail.ru нашрининг ёзишича, ҳатто энг тажрибали жарроҳ ҳам мазкур амалиётни юқори аниқликда бажара олмас эди. Чунки механик тарзда кўз тўр пардасидаги митти фрагментни олиб ташлашга инсоннинг нафас олиши ва юрагининг уриши йўл қўймас эди. Шунинг учун шифокорлар мазкур операция учун роботдан фойдаланишга қарор қилишган.

Робот миллиметрнинг мингдан бир улушигача бўлган аниқликда жарроҳлик амалиётини бажаришга қодир. Жуда ҳам кичик бўлган тешик орқали робот беморнинг кўзига зарурий амалиёт жиҳозини киритишга муваффақ бўлган. Кўзнинг тўр пардасини очишга мўлжалланган узатма 7 хил, ҳар бири мустақил ишлай оладиган моторлар ёрдамида бошқарилган. Профессор Роберт Макларен қурилманинг ишини микроскопдан қараб, сенсорли экран ва жойстик орқали назорат қилиб турган.

Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли якунлангани сабабли робот ёрдамида яна 12 та турли оғирликдаги операцияларни амалга ошириш режаланган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.