РОБОТЛАР ИСЁНИ – БУ СИЗГА ФАНТАСТИКА ЭМАС

  •   Saroy
  •  1635
  •  11.06.2018 15:30

РОБОТЛАР ИСЁНИ  – БУ СИЗГА ФАНТАСТИКА ЭМАС

«Сунъий онг эртами, кечми бошимизга етади» – дейди Tesla  раҳбари Илон Маск. Унинг хавотири ҳақиқатга қанчалик яқин?

Бир вақтлар инсон имкониятидан озгина ташқарида бўлган воқеъликлар муъжиза, деб қараларди. Уларнинг амалиётда ҳам  шундай бўлишига асло ишонмасдик. Ақлимиз етмаганидан уларни фантастика, деб атадик. Фантастика ибораси ҳаётимизда эмас, балки  ҳаёлатимизда рўй берадиган ҳодисалар билан уйғун тушиниларди. Лекин инсон зоти кашфиёт қилишдан ҳеч қачон тўхтамади, кеча ишониш қийин бўлган ҳодисалар бугун кундалик турмуш тарзимизга айланаверди. Ҳозирга келиб, инсон учун юқори технологиялар, нанотехнологиялар, робот машиналар, айниқса, сунъий онг кунда ишлатиладиган ибораларга айланиб улгурди. Уларсиз эртанги ҳаётимизни энди тасаввур ҳам қилолмаймиз. Амма фан ва технологияларнинг бу қадар тез суръатда ривожланишига инсоннинг ўзи ҳамқадам бўла олаяптими?  Технологиялар шу қадар тез тараққий этаётган бир шароитда  тадрижий ривожланишга кўникиб келган  инсоният  ўзини  ушбу суръатга мослаштира оляптими? Эртага инсоннинг ўзи, ўз қўли билан  яратган сунъий онг олдида ожиз жонзот ҳолига тушиб қолмасмикан?  Ҳа, ишонаверинг, тараққиёт инсонларга чексиз имкониятларни ваъда қилиш билан бирга, хавотирли ўйларга ҳам чўмдирмоқда.     

Масалан, ўша машҳур Tesla ва SpaceX компаниясининг раҳбари, Марс сайёрасини ўзлаштириш-у, хайперлуп ташув тизимлари ҳақидаги ғоялари билан танилган тадбиркор, миллиардер Илон Маск  ҳам сунъий онг ҳақида хавотир билан фикр билдираётгани, инсониятнинг робот машиналар ривожига эҳтиёткорлик билан  ёндашиш кераклиги ҳақида огоҳлантираётгани, бижиз эмасдир?!

Аслида, инсоният бу масалага  ё ҳаёт, ё мамот масаласи сифатида ёндошиш вақти келгандир?! Тўғри, Илон Маск башорат қилишни яхши кўрадиган инсон: масалан у бир вақтлар – “биз бор йўғи, компьютер симуляциясида яшаяпмиз” деган эди, у Марсда ҳаётни тиклаш учун атом бомбасини ишга солиш керак, деган  ғояларни ҳам илгари сурганди. Мана энди у, “бир кун келиб, сунъий онг инсониятнинг бошига етади, олимлар роботларни ҳавфсиз қилиб яратишнинг уддасидан чиқа олмайди”, деяпти.

«Менинг ўйлашимча, суньий онг эртами кечми инсоният ҳаётига нуқта қўяди.  Тамаддуннинг яшаб қолиши жуда оз — атиги 5-10 фоиз”, дейди у. Шу билан бирга, Маскнинг тайъкидлашича,  робот машиналарнинг исёни яқин ўн йилликларда рўй бериши мукин.

Темир одамлар дабдурустдан қўзғалиб кетмайди, албатта. Лекин тадқиқотлар ривожи шунга қараб кетаётгани ҳавотир уйғотади.

Маскнинг таъкидлашича,  олимлар шундай техникаларни яратадики, улар мустақил равишда ўз билимларини ошириб боради, инсон иштирокисиз такомиллашади, вазифаларни мустақил ҳал этади ва воқеъликларга муносабат билдиради. Аммо улар барибир инсон бўла олмайди. Темир терсакларни ҳеч ким ҳис-ҳаёжонга, маънавий-ахлоқий нуқтаи-назардан  ўзни тута билишга, кўнгилчанликка, кечиримлиликка, бир сўз билан айтганда, одамгарчиликка ўқита олмайди. Масалан, инсон агар афсус надомат қилса, қилган айбини тан олиб кечирим сураса, бошқаларнинг  раҳми келади ва гуноҳидан ўтиши мумкин. Лекин  роботда қалб бўлмайди-ку, улар фақат ҳисоб-китоб билан иш қилади. Инсонинг ўй-ҳаёллари улар учун бегона. Хуллас, охир-оқибатда машиналар қандай қарорга келишини ҳеч ким билмайди. Натижада назоратсиз қолган сунъий интеллект ҳатто ядровий қуролдан ҳам хавфли кучга айланади.

Машҳур тадбиркорни сунъий онг соҳасида  бар йўғи бир нечта компания иш олиб бораётгани, айниқса,   хавотирга солмоқда. Масалан Google Deepmind.

Facebook, Google, Amazon, Apple – уларнинг бари сиз  ҳақингизда жуда кўп нарсани билади. Сунъий интеллект ушбу корпарацияларда яратиляпти, ва улар инсонларнинг устидан чексиз ҳокимиятга эга бўладилар. Ҳокимиятнинг бир қўлда тўпланиши эса жуда катта хавфни туғдиради.

Google’да атиги бир нечта кишигина сунъий интеллектни бошқаради. Уларни ташқаридан ҳеч ким назорат қилмайди,  – бунга йўл қўймаслик керак, дейди Tesla раҳбари.

Охирзамон ҳақидаги башоратларига қарамай, Маск сунъий онг технологиялари инсниятга бебаҳо ёрдам бераётганига ҳам шубҳа билдирмаяпти. Масалан, сунъий онг ракни диагностика қилишда ёки умуман, тиббиёт соҳасида катта ёрдамчи бўлади. У одамнинг ҳаёт сифатини яхшилайди. Шу боис ушбу соҳани таъқиқлаш эмас, балки тартибга солиш керак, дея таъкидлайди Илон Маск.

Бундан аввалроқ, у Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг сунъий интеллект ҳақида айтганларига муносабат билдириб,  Учунчи жаҳон уруши сунъий интеллект соҳасида етакчилик қилиш учун келиб чиқадиган рақобат туфайли бошланиши мумкинлиги ҳақида  Twitter’да ёзганди.

Россия президенти Владимир Путин ўтган йили  «Проектория» анжуманида сўзга чиқиб,  сунъий интеллект соҳасида етакчиликни қўлга олган мамлакат “дунё ҳукмдорига” айланиши мумкин, деганди. Ўшанда Путин мана шундай қудратли монополиянинг маълум бир  шахслар қўлига тушиб қолишидан хавотирда эканини қўшимча қилганди

Дунёнинг яна бир  бой одами, юқори технологиялар соҳасида нуфузли шахс, Alibaba интернет-савдо компанияси асосчиси  Джек Ма ҳам инсониятни янги технологиялар келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфдан огоҳлантирди.  Жумладан, у шу йил Давосда бўлиб ўтган жаҳон иқтисодий форумида сўзга чиқиб, роботлар ва сунъий интеллект учунчи жаҳон урушини келтириб чиқариши мумкинлигини айтади.

Тадбиркор журналистлар билан учрашувларнинг бирида  технологиялар туфайли ижтимоий муаммолар келиб чиқишидан хавотирини билдирганди. – Роботлар ва сунъий онг инсонларни иш ўринларидан маҳрум қилади. Гарчи янги технологиялар кўп муваффақиятли одамларни ва қизиқарли касбларни пайдо қилса-да, сунъий онг ва ҳаддан ташқари кўп маълумотлар одамларга хавф туғдиради. «Биринчи технологик инқилоб биринчи жаҳон урушига сабаб бўлганди, иккинчи технологик инқилоб эса Иккинчи жаҳон урушини келтириб чиқарди. Ҳозир учунчи технологик инқилоб жараёни кечмоқда».

Ишқилиб, келгусида бўладиган ҳар қандай жаҳон уруши инсониятни қириб юборишга эмас, балки касалликларга, атроф муҳитнинг имлосланишига ва қашшоқликка қарши  бўлсин, деб умид билдиради Жек Ма. Бунинг учун эса, сунъий онг инсонларни қўллаб қувватлаш керак. Технологиялар билан шуғулланаётган компаниялар эса, ўзларининг тадқиқотлари натижалари келажакка фойда келтириш, улардан одамлар баҳра олиши ҳақида ўйласин, дейди хитойлик тадбиркор.

Бироқ IT соҳасида ном қозонган бошқа шахслар Илон Маск ёки Жек Маларнинг хавотиридан кулганлар ҳам бўлди. Масалан Маскнинг фикридан Робот София кулди, Сунъий онгнинг хавфлилиги бўйича Майкрасофт раҳбари Билл Гейтс Илон Маск билан баҳслашди, Google’нинг сунъий интеллект бўлими директори  эса SpaceX раҳбарини танқид қилганди.

 Яна 30 йиллардан кейин инсоният бутун бошли компанияларни бошқара оладиган роботларни яратади, бироқ дунё сунъий онг ва интернет таъсиридан ҳали бир неча ўн йил азоб чекади, дейди Alibaba асосчиси.