Ромсиз экрани дактилоскопли слайдер – Lenovo Z5 Pro тақдимот куни ҳам маълум

  •   DiMaX
  •  551
  •  25.10.2018 15:35

Ромсиз экрани дактилоскопли слайдер – Lenovo Z5 Pro тақдимот куни ҳам маълум

Lenovo компанияси шов-шув кўтарганча мақтаниб, охир-оқибатда барчани лақиллатганича, iPhone X’нинг навбатдаги нусхаси бўлган Lenovo Z5 смартфонини тақдим этган эди. Кейинроқ эса унинг Pro-версиясини тайёрлагани ҳақида ҳам хабар берганмиз.

ЎҚИНГ: Lenovo октябрдаги тақдимотгача сабри етмай, ромсиз Z5 Pro смартфонини кўрсатди!

Ромсиз экранга ҳамда слайдер форм-факторига эга Lenovo Z5 Pro смартфони 1 ноябрда расман намойиш этилади. Бу ҳақда компания вице-президенти Чанг Ченг (Chang Cheng) хабар берган. У Weibo ижтимоий тармоғидаги ўз аккаунтида янги қурилманинг тақдимотига таклиф этувчи қуйидаги постерни эълон қилган:

Таклифномага қараганда, Z5 Pro тақдимот маросими Пекин шаҳрида, Lenovo компанияси штаб-квартирасида бўлиб ўтади. Айтиш керакки, ундан бир кун аввал – 31 октябрда хитойлик техногигант ҳам Honor бренди остидаги слайдер флагманини расман анмойиш этмоқчи.

ЎҚИНГ: Honor Magic 2 «жонли» видео суратларда: худди Huawei P20 Pro каби, фақат слайдерли флагман!

Lenovo Z5 смартфонидан фарқли равишда, унинг Pro-версияси флагман бўлиши кутилмоқда. Миш-мишларга қараганда, унинг экрани 6-6.5 дюймлик, тасвир сифати эса Full HD+ форматида бўлиши мумкин. Корпус олд юзасининг 95 фоизини қоплаган бу дисплейга бармоқ изи сканери ҳам жорий этишини айтишаётир. Бундан ташқари, Lenovo Z5 Pro айни дамда энг илғор Android-процессор – Qualcomm Snapdragon 845 базасида ишлаши ва 8 гигабайтгача ҳажмли тезкор хотирага эга бўлиши кутилмоқда.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, экран панели пастга сурилиб, ортидаги асосий панелда олд камера очиладиган – слайдер форм-факторли смартфонлар оммалашадиган кўринади. Жумладан, Xiaomi компанияси бугун – 25 октябрда тақдим этган дунёдаги биринчи 5G-смартфон – Mi Mix 3 ҳам шуларнинг биридир.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, илк 5G-смартфон – Xiaomi Mi Mix 3 тақдим қилинди: атиги 475 доллардан бошланувчи, рекорд «оперативка»ли флагман!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!