Роскомнадзор раҳбари: «Смартфон – устингиздан назоратчи!»

  •   DiMaX
  •  724
  •  15.02.2017 16:10

Роскомнадзор раҳбари: «Смартфон – устингиздан назоратчи!»

Замонавий гаджетларнинг фойдаси билан бирга зарарли ва хавфли жиҳатлари ҳам борлиги хусусида тез-тез турли огоҳлантиришлар эълон қилиб турилади.

Россия Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизмати (Роскомнадзор) раҳбари Александр Жаров ҳам юртдошларини янги мобил иловаларни ўрнатишга масъулият билан ёндашишга чорлади, деб ёзади The Village.

Жаровнинг «Аргументы и факты»да эълон қилинган қуйидаги сўзларини The Village 14 февралнинг асосий иқтибоси сифатида эътироф этган:

Биз мутлақо шаффоф жамиятда яшамоқдамиз. Смартфон – умуман дўстона ҳамроҳ эмас. Аксинча, у доимий ва эътиборли назоратчидир. Ҳар гал сиз у ёки бу дастурни ўрнатганингизда, шу пайти ўзингиз тузаётган фойдаланувчи битимини диққат билан ўрганиб чиқишингиз лозим.

Унинг сўзларига кўра, аксарият ҳолларда ишлаб чиқувчилар турли маълумотларга уланиш учун фойдаланувчилардан жуда кўп рухсат сўрайдилар. Мисол тарзида у «Фонарик» иловасини келтиради: бу дастур нафақат камера чақноғига, балки фойдаланувчининг жойлашув ўрнига ва телефон контактлар китобчасига ҳам уланиш учун рухсат сўрайди. Тахминларга кўра, бу маълумотларни улар кейинчалик брендлар ўз мижозларининг хатти-ҳаракатларини прогноз қилишлари учун «big data» бозорида сотишади.

Маълумотларингиз сизиб чиқишининг олдини олиш учун, Жаров «мутлақ шахсий бўлган маълумотларни қоғозга ёзиб юриш»ни тавсия этади. Унинг сўзларига кўра, хакерлар ҳам шуни маслаҳат беришади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!