Россия маҳаллий «Эльбрус-8С» процессоридаги илк компьютерларини намойиш этди

  •   DiMaX
  •  1101
  •  29.05.2017 09:59

Россия маҳаллий «Эльбрус-8С» процессоридаги илк компьютерларини намойиш этди

 «Росэлектроника» холдинги маҳаллий «Эльбрус-8С» процессори базасида Россияда яратилган компьютер ва серверларнинг илк намуналарини тақдим этди, деб ёзади Cnews.Ru.

Миллий процессор

Татаристоннинг Иннополис шаҳрида ташкил этилган ЦИПР 2017 конференциясида маҳаллий маҳсулот – «Эльбрус-8С» процессорида ишлайдиган компьютер биринчи намуналари тақдим этилди. Бу турдаги компьютерлар Россиянинг юқори даражадаги хавфсизлик талаблари қўйиладиган компаниялари ва давлат ташкилотларига етказиб берилади.

«Эльбрус-8С»га асосланган шахсий компьютерларнинг синов партияси жорий йил иккинчи чорагининг якунларигача етказиб берилади. Бу процессор базасидаги илк серверлар эса йилнинг охирида истеъмолга чиқарилади.

Мазкур маҳсулотларнинг нархи хусусида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Хусусиятлари

 «Эльбрус-8С» процессори Россияда ишлаб чиқилган. У Linux ядроси базасида яратилган «Эльбрус» операцион тизимида ишловчи компьютерларга мўлжалланган.

Унинг хусусиятлари қуйидагича:

  • Архитектура: учинчи авлод «Эльбрус-8С», 64 битлик;
  • Процессор: максимал частотаси 1,3 ГГц бўлган 8 та ядро;
  • Қуввати: 250 гигафлопс;
  • Кэш-хотира: 4 МБ ҳажмли L2 (512 КБ ҳажмга эга 8 блок) ва 16 МБ ҳажмли L3 туридаги хотиралар.
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!