Россия махсус хизматлари Telegram анонимлигини бузиб кира олишди!

  •   DiMaX
  •  1720
  •  09.08.2018 18:34

Россия махсус хизматлари Telegram анонимлигини бузиб кира олишди!

Биламизки, Telegram мессенжери ўз фойдаланувчилари учун анонимликни, ёзишмаларнинг хавфсизлигини мустаҳкам ҳимоя қилиши билан танилган. Айни шу сабабли – чатларнинг шифрлаш калитларини Россия махсус хизматларига бермаганлиги боис ҳам бу компания Роскомнадзор билан судлашиб юрибди.

ЎҚИНГ: Россияда Telegram блокланишининг асл сабаби ошкор бўлди

Аммо Россиянинг Легитимлик тадқиқотлари ва сиёсий протест маркази дастурчилари яратган «Криптоскан» дастури Telegram профили орқали юзернинг шахсини аниқлаш имконини беради. «Известия» нашрининг ёзишича, ушбу ишланма керакли синовлардан ўтказилган ва аллақачон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноятчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида қўлланмоқда.

«Криптоскан» муаллифларининг сўзларига қараганда, бу дастур Telegram шифрлаш тизимида аниқланган «туйнук»дан фойдаланади. Фойдаланувчининг мессенжердаги ники (никнейми) орқали у мазкур профил бириктирилган телефон рақамини топиб беради. Телефон рақамлари эса паспортга боғланганлиги сабабли, полиция маълумотлар базаси орқали керакли шахсни топиш айтарли муаммо туғдирмайди.

ЎҚИНГ: Telegram’даги маълумотларингиз қанчалик махфий?

«Известия» таҳририяти «Криптоскан»нинг самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш учун, уни яратган Марказ дастурчиларидан битта юзернинг – ўз мухбирининг Telegram-ники бўйича унинг шахсини аниқлашни сўрашган. Дастур чиндан ҳам ўша профил очилган телефон рақамини тўғри топган, аммо исм-фамилияси тўғри келмаган. Умуман олганда, мессенжерда ҳар ким ўзига истаган исм-фамилия ёки лақабни танлаб ёзиши мумкинлигини инобатга олсак, буниси унча муҳиммас.

Telegram жамоаси эса бунга жавобан, бундай усулда ушбу мессенжер фойдаланувчисини аниқлаш имконсиз эканини маълум қилган. Воқеалар ривожини бирга кузатамиз, биздан узоқлашманг.

ЎҚИНГ: Нима сабабдан махсус хизматлар Telegram'ни ёмон кўрадилар?