Россия Xiaomi смартфонларининг интернет орқали харидини тақиқлади

Россия Xiaomi смартфонларининг интернет орқали харидини тақиқлади

Айни пайтда Россияда Xiaomi смартфонларини почта орқали етказиб берувчи дўконлар ва Россия божхонаси ўртасидаги зиддиятлар тобора авж олмоқда. Россиялик 10 мингдан зиёд киши Xiaomi смартфонларини мамлакатга киритилишини сўраб, оммавий петицияга имзо қўйган. Айни пайтда россиялик Xiaomi фойдаланувчилари барчани бу брендга нисбатан бойкот эълон қилишга чақиришмоқда.

Бир бошидан бошлаймиз …
Россия божхона хизмати россияликлар томонидан интернет дўконларидан сотиб олинган ва почта орқали юборилаётган Хитойнинг Xiaomi компанияси смартфонларини мамлакатга ўтказмаяпти. Натижада, минглаб смартфонлар Хитойга қайтариб юборилмоқда.

Маълум бўлишича, Россияга Xiaomi қурилмаларини етказиб берувчи расмий компания, яъни «Смарт Оранж» МЧЖ божхона реестридан Xiaomi ишлаб чиқарган барча смартфонлар оиласини ўзининг интеллектуал мулки сифатида рўйхатдан ўтказган. Яъни, тартибга кўра, уларни Россия ҳудудига олиб киришга фақат шу МЧЖ ҳақли. “Божхона кодекси” ҳамда Божхона ва Бутунжаҳон почта иттифоқларининг келишувига кўра, муаллифлик ҳуқуқини бузган ҳолда, мамлакатга маҳсулотни олиб кириш тақиқланади.

Xioami компанияси ўзининг «ВКонтакте» тармоғидаги саҳифасида «Смарт Оранж» билан келишувсиз мамлакатга олиб кирилган қурилмаларнинг контрафакт, яъни қонунга зид равишда мамлакатга олиб кирилган маҳсулотлар ҳисобланишини айтган. “Биз бунинг россияликлар учун ноқулайлик туғдиришини тушунамиз. Бироқ, барчага маҳсулотларимизни расмий савдо каналларимиздан харид қилишни маслаҳат берамиз”.

Шу муносабат билан, 5 майдан бошлаб таниқли интернет дўконлар, жумладан Gearbest Россия учун маҳсулотлар етказиб бериш хизматини тўхтатиб қўйди.

Россиялик ҳуқуқшуносларниг фикрича, бу борада бошқа бир мамлакатда бундай ҳолатлар қайд этилмаган.

Қоидаларга кўра, жисмоний шахсларнинг ўз эҳтиёжлари учун харид қилган ва сотиш режа қилинмаган маҳулотлари божхонадан ўтказилиши керак. Юристларнинг фикрича, божхонанинг маҳсулотларни қайтариб юбориши қонунчиликка зид ва қурилмаларнинг қолиши ёки қайтариб юборилишини расман суд ҳал қилиши керак.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!