Россияда iPhone X'дан қиммат флагман сотувга чиқди

Россияда iPhone X'дан қиммат флагман сотувга чиқди

Шу кунгача Россия бозорида iPhone X энг қиммат нархда сотилаётган смартфон модели ҳисобланар эди. Бирор бир махсус талқин ёки қиммат тошлар билан безатилган смартфон моделини ҳисобга олмасак, бугунгача шундай эди.

Бироқ бугун сотувга чиқарган Sony Xperia XZ2 Premium вазиятни ўзгартириб юборди. Ушбу аппарат илк маротаба жорий йилнинг апрель ойида илк маротаба тақдим қилинган эди. Аввалига Хитой ва Японияда сотувга чиқарилган смартфон бугун Россияда ҳам сотувга чиқарилди. Бироқ, уни белгиланган нархига кимдир сотиб олиши -- даргумон! Шундай блса ҳам Россияда Sony брендига содиқ минглаб харидорлар борлигини унутмаслик зарур.

11 июлда россияликлар эътиборига ҳавола қилинган Sony Xperia XZ2 Premium флагман смартфонига аввалдан буюртма бериш мумкин. Телефон эса буюртмачи қўлига 25 июлдан бошлаб етказиб берилади.

Нарх чиндан ҳам шошириб қўяди -- 1200 АҚШ доллари! Бу технологик жиҳатдан анча илғор ҳисобланган iPhone X смартфонидан ҳам анча-мунча қиммат дегани.

Шу билан бирга, япониялик флагманнинг ўзига хос жиҳати сифатида ISO 512000 стандартида фотосурат олишини айтиш мумкин. Яъни, унинг қўш сенсорли бош камераси батамом зулматда ҳам яхши сурат олиши мумкин. Ҳозирча бирор смартфон бундай жиҳатга эга эмас.

Гаджетга 20 Мп+12Мп бўлган иккиталик асосий камера ва 13 МП бўлган олд камера ўрнатилган. Янги девайс 3450 мАч сиғимли батарея ва симсиз тезкор қувватлантиргичга ҳам эга бўлади.

Sony Xperia XZ2 Premium дизайни аввалги трендга хос. яъни унинг экрани тўлиқ ўлчамли эмас.

Флагманга хос бошқа жиҳатлар сифатида 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессорини айтиш мумкин. Унинг частота интервали 2,8 ГГц.ни ташкил қилади. График-тасвир учун Adreno 630 видео картаси масъул.

Девайсга 6 гигабайтли тезкор ҳам 64 гигабайтли доимий хотира ўрнатилган. Шунингдек, ундаги аккумулятор батареясининг сиғими 3540 мА соат. Қувонарли томони -- Sony Xperia XZ2 Premium USB Type-C порти орқали қувват олади. Ва уни Qi стандарти симсиз қувватлаш ҳам мумкин.

Аввалдан буюртма берганларга совға тариқасида симсиз Xperia Ear Duo аудио қулоқчинлари, икки йиллик кенгайтирилган кафолат, бир йил давомида экранни бир маротаба алмаштириб бериш кафолати берилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!